Самарқандда автобуслар учун йўлаклар ажратилади, вилоят икки туманида электропоездлар қатнови йўлга қўйилади

Самарқанд йўлларидаги бекат. Zarnews.uz сайти фотосурати

Самарқанд шаҳрининг марказий йўлларида катта сиғимли автобуслар учун ажратилган йўлаклар пайдо бўлади. Президент Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни Самарқанд шаҳрида транспорт тизимини ривожлантириш бўйича режалар тақдимоти билан танишди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Тақдимотда муҳокама қилинган таклифлар хорижлик экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган. Унда қуйидагилар назарда тутилган:

👉 жамоат транспорти тармоғи магистрал, етказиб берувчи ва ички йўналишларга ажратилади;

👉 ҳозиргига қўшимча 40 та янги йўналиш, хусусан, аэропорт, вокзал ва тарихий марказларни боғлайдиган 5 та экспресс йўналиш ташкил этилади;

👉 бекатлар сони оширилади;

👉 шаҳар ҳокимлигида транспорт бўлими ташкил этилади.

Йиғилишда бугунги кунда Самарқанд йўлларида ҳар куни 925 минг киши ҳаракатланаётгани таъкидланди. Уларнинг аксарияти (592 минг нафари) шахсий автомобилида, 330 мингдан ортиғи жамоат транспортидан фойдаланади. Шу билан бирга, сўнгги икки йилда 38 та йўналиш рентабелсизлиги сабабли ёпилган, 300 та автобус йўқолган.

«Ҳаёт тезлашди, одамларнинг фаоллиги ошди. Лекин жамоат транспорти аввалгидай турибди. Йўлни кенгайтириш билан тирбандлик муаммосини ҳал этиб бўлмайди. Жамоат транспортига устунлик бериш керак. Дунё тажрибасига қаранглар. «Ақлли светофор»лар ўрнатиб, йўл ҳаракатини онлайн бошқариб, кўчаларнинг ўтказувчанлигини ошириш зарур. Келгусида ҳамма шаҳарларимизда шундай қиламиз. Самарқанд бунда андоза бўлиши керак», – деди президент.

Президент «агар жамоат транспорти ҳамёнбоп, сифатли ва тезкор бўлса, йўловчилар буни афзал кўради. Бунинг учун эса инфратузилма ва йўналишларни тўғри ташкил этиш зарур», деб тушунтирди.

1 июлдан бошлаб шаҳар жамоат транспорти учун Самарқанд вилояти бюджетидан субсидия берилади. Ҳокимият йил охиригача Самарқандда 160 километр йўлни таъмирлаш ва бешта йўл ўтказгич қуришни бошлашга ваъда берди. 102 та янги бекат ташкил этилади, мавжудлари тартибга келтирилади.

Президент йўлларни сифатли таъмирлаш зарурлигини таъкидлади.

«Биз кўп йўл қурдик, лекин унинг эксплуатацияси билан айтарли шуғулланилмади. Йўлларнинг баланси, фойдаланиш муддатининг таҳлили йўқ. Сарфланаётган маблағ мақсадли эмас. Баъзан йўл устига яна йўл қурилади. Шунинг учун қаерга йўл қуриш, қайсини таъмирлашни Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати айтиши керак. Чунки кўчалардаги тирбандлик, хавфсизлик шунга боғлиқ», – деди Шавкат Мирзиёев.

Самарқанд шаҳридаги 49 та чорраҳада «транспорт оқимини рақамли бошқариш» тизими жорий этилиши, 140 та чорраҳага замонавий светофорлар ўрнатилиши, марказий кўчалар замонавий йўл белгилари билан жиҳозланиши қайд этилди. Натижада светофорда туриш вақти 31 фоизга, ҳаракат вақти 36 фоизга, ҳаракат тезлиги 17 фоизга яхшиланади.

Пастдарғом ва Булунғур туманларини Самарқанд шаҳри билан боғлайдиган электропоезд қатновини йўлга қўйиш таклифи билдирилди.

Мамлакат Тараққиёт стратегиясида Самарқанд шаҳрини истиқболда «миллионлик шаҳарлар»га айлантириш мақсади белгиланган. Бунинг учун жорий йилда шаҳар ҳудуди 28 минг гектар қилиб кенгайтирилади. Келгуси беш йилда Қорасув мавзеси, Ширин маҳалласи ва вокзал ортидаги ҳудудда 300 минг аҳолига мўлжалланган янги уй-жойлар барпо этилади. Шунингдек, туристлар сони 5 миллион нафарга етиши кутилмоқда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, Самарқанд вилояти аҳоли сони бўйича республикада етакчи ўринни эгаллаган – бу ерда 4 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Самарқанд шаҳрида эса деярли 552 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳокимият режасига биноан, 2040 йилга келиб шаҳар ҳудуди 30 минг гектарга кўпаяди, аҳоли сони 1,1 миллион кишини ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ