Афғонистоннинг Балх вилояти маркази Мозори Шарифда 28 апрель оқшомида содир бўлган иккита портлаш оқибатида камида 9 киши ҳалок бўлди, 13 киши жароҳатланди. Ҳужумлар учун масъулиятни «Исломий давлат»* террорчилик ташкилоти ўз зиммасига олди (ташкилотнинг Афғонистондаги гуруҳи «ИШИД-Хуросон»* деб номланади – «Фарғона» изоҳи). Террорчиларнинг ўзи портлашлар оқибатида 30 киши жабрланганини маълум қилди, деб хабар беради Khaama.com.
Жамоат транспорти нишонга олинган. Балх полицияси ва хавфсизлик бошқармаси маълумотларига кўра, микроавтобусларга портловчи моддалар ўрнатилган. Портлашлар йўловчилар ифторлик пайтида содир бўлган. Шаҳар полицияси матбуот котиби Осиф Вазирийнинг фикрича, ҳужумдан мақсад шиаларга зарба бериш бўлган бўлиши мумкин.
Бундан бир ҳафта олдин, 21 апрель куни «ИШИД Хуросон» террорчилари Мозори Шарифдаги шиа масжидига ҳужум қилган эди. Жабрланганлар сони турлича: маҳаллий манбалар 30 дан ортиқ ҳалок бўлган ва 90 га яқин ярадор бўлганини маълум қилган, мамлакатдаги ҳукмрон «Толибон» ҳаракати * вакиллари эса қурбонлар сонини камроқ кўрсатган.
22 апрель куни қўшни Қундуз вилоятининг Имом Соҳиб туманидаги суннийлар масжидида жума намози вақтида теракт содир этилди. Портловчи моддаларнинг портлаши натижасида 33 киши ҳалок бўлди, 43 киши яраланди.
Таъкидлаш жоиз, бу ҳужумлар муқаддас Рамазон ойида махсус уюштирилган. Афғонистонда бу йили Рамазон ойида кўплаб вилоятлар ва мамлакат пойтахтида террорчилик ҳаракатлари фаоллашгани кузатилди.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқиланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).