Utair авиакомпанияси пайшанба кунлари Тюмен ва Сургутдан Тошкентга парвозлар уюштиради

aex.ru сайти фотосурати

28 апрелдан Россиянинг Utair авиакомпанияси Тюмендан Тошкентга, 5 майдан эса Сургутдан парвозларни йўлга қўяди. Бу ҳақда авиаташувчи матбуот хизмати хабар берди.

Парвозлар ҳафтада бир марта, пайшанба кунлари амалга оширилади. Чипта нархи 8535 рублдан бошланади.

Авиакомпания Москвадан Тошкентга ҳар куни парвозларни давом эттирмоқда.

«Ўлка шаҳарларидан хорижга тўғридан-тўғри парвозлар дастурини тизимли равишда кенгайтирмоқдамиз. Жорий йилнинг баҳор-ёз мавсумида биз Сургут ва Тюмендан Бокуга мунтазам рейсларни амалга оширмоқдамиз, Сургутдан Хўжандга парвозни давом эттирмоқдамиз, шунингдек, Тюмендан Ереванга рейсларни қайта йўлга қўйиш ва Сургут-Ереван рейсини йўлга қўйишни режалаштирмоқдамиз», —дейди авиакомпания президенти Олег Семёнов.

Авиакомпания сайтида унинг парки Boeing-737, Boeing-767 ва ATR 72-500 самолётлари, шунингдек, турли маркадаги вертолётлардан ташкил топгани айтилган.

Аввалроқ, Россиянинг Ural Airlines («Уральские авиалинии») авиакомпанияси Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва Арманистонга/дан барча рейсларни бекор қилгани ҳақида хабар берганди. Парвозлар 29 октябргача тўхтатилди. Шу билан бирга, «Россия» авиакомпанияси Москвадан Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг қатор шаҳарларига парвозлар бошланганини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ