Ўзбекистонда крипто–активлар айланмаси соҳасини тартибга солиш бўйича махсус режим жорий этилади

Napm.uz сайти фотосурати

Давлат раҳбари фармони билан Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги этиб қайта ташкил этилди, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Агентликнинг устувор йўналиши крипто активлари билан ишлаш бўлади. Хусусан, Агентликка қуйидагилар юклатилади:

👉 крипто-активлар айланмаси соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

👉 крипто-активлар айланмаси соҳасида инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш;

👉 крипто-активлар айланмаси соҳасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;

👉 давлат бошқаруви ва турли ижтимоий-иқтисодий соҳаларга маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиясини ва бошқа энг янги технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни ташаббус қилиш ва илгари суришга кўмаклашиш.

Криптоактивлар муомаласи билан шуғулланувчи ташкилот ва компаниялар учун алоҳида режим жорий этилади.

Махсус режим иштирокчилари барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот воситалари учун божхона тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилади. Криптоактивлар соҳасидаги компаниялар ходимларининг иш ҳақи умумий қабул қилинган 12,5% ўрнига 7,5% ставкада шахсий даромад солиғига тортилади.

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Президентнинг 2017 йил 24 июлдаги қарори билан ташкил этилганди. Унга давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, бизнес ҳамжамиятининг Ўзбекистонда лойиҳалаштириш ишларини такомиллаштириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича эксперт ишчи гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш топширилди. Агентлик рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва блокчейнни жорий этиш, шунингдек, электрон ҳукумат соҳасида ваколатли органга айланди.

2018 йил февралда Ўзбекистон ҳукумати криптовалюталар муомаласини тартибга солиш бўйича қонун ишлаб чиқиш режаларини эълон қилди, Мирзиёев криптобиржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. 2019 йил бошида мамлакатда крипто-биржаларни лицензиялаш тартиби тасдиқланиб, уларни фақат устав фонди энг кам иш ҳақининг 30 000 бараваридан кам бўлмаган хорижий компаниялар очишга рухсат берди.

2021 йил ноябрь ойида Ўзбекистон резидентлари ўзбек сўмидаги криптовалюталар ва токенларни сотиб олиш ва сотиш ҳуқуқини олдилар. Норезидентларга улар фақат крипто-активлар ва токенларни хорижий валютага сотишлари мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ