Ўзбекистонда Халқаро қишлоқ хўжалиги университети иш бошлайди

Олдинги планда – Ўзбекистон қишлоқ ҳўжалиги вазири раҳбари Жамшид Хўжаев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

2022/2023 ўқув йилида Ўзбекистонда Халқаро қишлоқ хўжалиги университети очилади. Бу ҳақда мамлакат президенти матбуот хизмати хабар берди.

Биринчи ўқув йилида университет етти мутахассислик бўйича 200 нафар талабани ўқишга қабул қилади. Шавкат Мирзиёев мутахассислар тайёрлашга хорижлик ўқитувчиларни жалб этиш, маҳаллий ўқитувчиларнинг малакасини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Халқаро қишлоқ хўжалиги университетида кадрлар тайёрлаш дастури Буюк Британия ва Литва университетлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда – 2021 йил ёзида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қироллик қишлоқ хўжалиги университети (RAU) ва Литва универститети Vytautas Magnus University (VDU) ўртасида уч томонлама ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.

«Олий ўқув юртлари ўртасида ўқитувчи ва талабалар алмашинуви, шунингдек, фермер ва фермер хўжаликлари маслаҳатчиларининг малакасини ошириш ва малака ошириш дастурларини амалга ошириш, лойиҳа ва дастурлар ишлаб чиқиш, қўшма илмий тадқиқотлар, халқаро конференциялар, ва яна кўп нарса кўзда тутилган», — деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Айни пайтда Тошкент давлат аграр университетига 17 миллион доллар миқдорида кредит ва грантлар ажратилиб, бунинг эвазига университет лабораторияси 129 турдаги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади, хорижлик мутахассислар иштирокида боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, механизация, озиқ-овқат саноати 20 та йўналишда янги тажриба майдонлари ташкил этилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қишлоқ хўжалиги коллежлари ва техникумларининг тармоқ олий ўқув юртлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш бўйича топшириқ берди. Барча қишлоқ хўжалиги коллежлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилади. Масъул вазирликларга мазкур таълим муассасаларининг ўқув дастурлари, дарсликлар ва амалиёт тизимини саноат корхоналари талабларига мувофиқ қайта кўриб чиқиш топширилди.

Йиғилишнинг асосий мавзуси халқаро молия институтлари маблағларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари бўлди. Бугунги кунда умумий қиймати 400 миллион долларлик 580 та янги лойиҳа шакллантирилган. Лекин кредитлар муддати қисқалиги ёки мутахассислар етишмаслиги сабабли уларни амалга ошириш кечикмоқда.

Шу боис Қишлоқ хўжалиги вазирлигига лойиҳаларни ўзи ишга тушириб, лизинг асосида сотиш ваколати юклатилди.

Хусусан, жорий йилда 6 та вилоятда қарийб 2 минг гектар интенсив боғ ва токзорлар барпо этилиши, жами 115 минг тоннали 17 та кичик агрологистика маркази ишга туширилиши режалаштирилган. Улар тадбиркорларга тайёр ҳолда, лизинг асосида сотилади.

Бу йил Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида агрохизматлар маркази ташкил этилиб, 100 дан ортиқ хизматлар йўлга қўйилиши қайд этилди. Бу марказларда замонавий лабораториялар бўлади, хорижий мутахассислар жалб қилинади. Лойиҳалар бўйича маблағларни бошқариш, ерлар ва экинлар ҳисоби, суғориш ишлари ва ҳосилдорлик электрон тарзда кузатиб борилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ҳар бир вилоят кесимида алоҳида «йўл хариталари» ишлаб чиқиб, уларнинг ижросини жойида ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Шу куни Мирзиёев қишлоқ хўжалиги корхоналарига кредитлар ажратиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига йилига 300 миллиард сўм (27 миллион долларга яқин) йиллик 10 фоизли бюджет ссудаси ажратилди.

Бюджет ссудаси ҳисобидан йиллик 14% ставкада қарз маблағлари ажратилади:

👉 қишлоқ хўжалиги корхоналарига – мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, маккажўхори дони, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш учун зарур бўлган моддий-техник ресурслар, шу жумладан, уруғлик ва кўчат етказиб бериш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги хизматларини кўрсатиш учун;

👉қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга, шу жумладан, “Агросервис оператор” давлат унитар корхонасига – етиштирилган қишлоқ хўжалиги экинларини харид қилиш бўйича талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдириш учун йиллик 14 фоиз ставкада қарз маблағлари ажратилади.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга кейинги беш йилда 2,5 миллиард долларлик хорижий кредитлар жалб этилди. Бугунги кунга қадар 1,7 миллиард доллар ўзлаштирилди – улар 4 мингга яқин лойиҳани амалга оширишга сарфланди. Жумладан, 2,5 минг гектар майдонда замонавий иссиқхоналар, 11 минг гектар майдонда интенсив боғлар, шунингдек, кўчат тайёрлашга мўлжалланган 6 та фермер хўжалиги ва умумий сиғими 350 минг тонна бўлган музлаткичли омборхоналар барпо этилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ