Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўз лавозимидан озод этилди. Владимир Норов Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари ва вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармонларига таянган ҳолда маълум қилди.
Комилов Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
Абдулазиз Комилов 1947 йил 16 ноябрда Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида туғилган. СССР Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик академиясини тамомлаган. Тарих фанлари номзоди, араб ва инглиз тилларини билади.
Комилов СССРнинг Ливандаги (лавозими — атташе, 1973-1976) ва Суриядаги (иккинчи котиб, 1980-1984) элчихоналарида ишлаган. Кейин СССР Ташқи ишлар вазирлигининг Яқин Шарқ бўлими ходими, СССР Фанлар академиясининг Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институтида катта илмий ходим бўлган.
Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Комилов 1991-1992 йилларда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Кейинги икки йил давомида у Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) раиси ўринбосари лавозимида ишлаган.
1994 йил апрель ойида республика Ташқи ишлар вазирлигига вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига келган, кузда эса вазирликни бошқарган, уни 2003 йилгача бошқарган. 1998 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) ректори лавозимига ҳам тайинланган.
2003 йил мартидан октябригача Комилов президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаган, кейин эса АҚШга Фавқулодда ва Мухтор Элчи этиб юборилган. Кейинчалик у қароргоҳи Вашингтонда бўлмиш Канада ва Бразилиядаги элчи ваколатларини ҳам олди.
Комилов 2010 йили яна ТИВга қайтди ва вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллади, 2012 йил январида вазирликни бошқарди ва ўн йилдан ортиқ вақтдан бери унга раҳбарлик қилиб келди.
Владимир Норов 1955 йил 31 августда Бухорода туғилган. 1976 йили Бухоро педагогика институтининг математика факультетини тамомлаган, кейин ҳарбий хизматни ўтаган. Хизматдан қайтиб, жиноят қидирув бўлимида ишлай бошлаган. 1985 йили СССР Ички ишлар вазирлигининг Москвадаги академиясини, 1990 йилда Академиянинг аспирантурасини тамомлаган. Ҳуқуқ фанлари номзоди.
1995 йили Ташқи ишлар вазирлигига ўтган. Фавқулодда ва Мухтор Элчи дипломатик даражасига эга. Германия, Швейцария, Польша, Бельгия, Бенилюкс давлатлари, шунингдек, Европа Иттифоқи ва НАТОда Ўзбекистон вакили бўлган. 2019 йил 1 январдан 2021 йил 31 декабргача у ШҲТ Бош котиби, сўнгра Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. Инглиз, немис ва рус тилларида гапиради. Уйланган, уч фарзандли.