Маҳаллий сайёҳлар учун кешбэк жорий этилади

Самарқанддаги сайёҳлар. Novastan.org сайти фотосурати

Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 сентябридан маҳаллий сайёҳлар учун кешбек жорий этилди. Мамлакат бўйлаб саёҳат қилган ўзбекистонликларга авиа, темир йўл ва автобус чипталари нархининг 15 фоизи, меҳмонхонада яшаш нархининг 20 фоизи, музейлар ва бошқа маданий объектларга чипталар нархининг 50 фоизи қайтарилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сайёҳлик хизматлари ва инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига бағишланган онлайн йиғилишда маълум қилди.

Президент маҳаллий сайёҳлар оқимини йилига 10 миллион кишига етказиш вазифасини қўйди. Мамлакат ичкарисида саёҳатларни рағбатлантириш мақсадида ходимларнинг республика бўйлаб йилига бир марта туристик саёҳатлари харажатларининг 20 фоизини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан давлат ташкилотлари томонидан қоплаш амалиёти жорий этилади.

Мирзиёев байрамларда аҳолининг ҳаракатчанлигини ошириш учун қўшимча ҳаво, темир йўл ва автобус қатновларини ташкил этиш, шунингдек авиачипталарга чегирмаларни ошириш зарурлиги ҳақида ҳам гапирди.

Давлат раҳбари туризм инфратузилмасидаги камчиликларга ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, Қорақалпоғистон, Андижон ва Қашқадарёда меҳмонхона ўринлари етишмайди. Навоий, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида катта имкониятлардан фойдаланилмаяпти. Ёшларга мос туристик хизматлар жуда кам. «Оилавий» ва «барчаси ичида» хизматларни жорий қилиш ишлари суст.

Ҳудудлардаги 206 та термал ва минерал сувли булоқларнинг 18 тасидан фойдаланилмоқда, холос. Мисол учун, Қамчиқ довонида жойлашган Арашан кўллари сувининг ҳарорати қишин-ёзин 36 градус иссиқликда бўлиб, хорижий курортлардан қолишмайди. Ёки, Чимбой, Қораўзак ва Тахтакўпирда ер остидан 40-70 градус иссиқликда чиқадиган термал булоқлар атрофида санатория-курортлар ташкил қилиш мумкин.

Мирзиёев сайёҳлар эътиборини тортадиган табиий объэктларни мисол қилиб келтирди. Бу, хусусан, дунёдаги энг чуқур ғорлардан бири бўлган Байбулоқ, Неандерталнинг қолдиқлари топилган Тешиктош ғорлари, Бойсундаги Узундара қалъаси – қадимги эллин маданияти ёдгорлигидир.

«У ерда меҳмонхона, кемпинг, «дор йўли», туристлар уйлари ташкил этиш орқали 500 минг сайёҳни жалб қилса бўлади», — деди президент.

У туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирларни эълон қилди, уларни яқин келажакда амалга ошириш учун кўрсатма берилди:

✅ 31 та туман ва шаҳар ҳудудидан ўтувчи йўллар бўйида автотураргоҳ, кемпинг, автосервис, овқатланиш, ёқилғи қуйиш каби хизматларни қамраб олган «Карвонсарой»лар барпо этиш чоралари белгиланди.

✅ Тошкент шаҳрида хорижий туристлар учун камида 3 кунга мўлжалланган «1 минг долларлик хизматлар тўплами» шакллантирилади. Бу дастур йил давомида ишлайдиган аквапарк ва мавзули парклар, гастрономик ва савдо кўчалари, жонли ижро концертлари, шоу ва фестивалларни ўз ичига олади.

✅ 1 июлдан бошлаб, туризм қишлоқларида меҳмон уйлари, овқатланиш ва савдо шохобчалари, кўнгилочар жойлар ташкил этган тадбиркорлар уч йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада, мол-мулк, ер, сув солиқларини ҳисобланган суммадан бор-йўғи 1 фоизини тўлайди.

✅ Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар ажратилади: туристик қишлоқларда меҳмон уйлари ташкил этиш учун 50 миллион сўмгача, уйлар ва эко-уйлар мажмуалари қуриш учун 300 миллион сўмгача, 300 миллион сўм — чодирлар шаҳарчалари қуриш учун. Ҳар йили туристик қишлоқлардан 200 нафар ёшлар туризм техникумларида бюджет ҳисобидан бепул ўқитилади.

✅ Сайёҳларнинг рейсларга бўлган талабини қондириш мақсадида 1 июлдан бошлаб «Зиёрат туризми» дастури бўйича хорижий авиакомпанияларга кўрсатилаётган хизматларга 50 фоизгача чегирмалар жорий этилади. 1-октябрьга қадар ички рейслар учун янги Силк Авиа компанияси ташкил этилади. Харажатларни камайтириш мақсадида 9 та самолёт тўлиқ эконом-классга ўтказилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ