Туркманистонда газ нархининг ошиши ва Эрон-Афғонистон чегарасидаги кескинлик Афғонистонда газ нархининг ошишига сабаб бўлди. TOLOnews телеканалига кўра, Кобулда 1 кг суюлтирилган газнинг ўртача нархи яқинда 10 афғонига (0,12 доллар) ошган.
Эслатиб ўтамиз, 23 апрель куни Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари ва Эрон чегарачилари ўртасида содир бўлган отишма туфайли икки давлат ўртасидаги чегара пунктлари ёпилган эди. Ижтимоий тармоқларда Эрон зирҳли техникаларини Афғонистон чегарасига жамлаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
«Нархларнинг кескин ошишига асосий сабаб, газ авваллари Эрондан импорт қилинган. Бизда [суюлтирилган газ] импортининг яна иккита манбаси бор – Акина [Туркманистон билан] ва Ҳайратон [Ўзбекистон билан] чегара пунктлари орқали», — деди Афғонистон Савдо-саноат палатаси раҳбари Муҳаммад Юнус Моманд (Mohammad Younus Momand).
Шу билан бирга, Туркманистонда газ нархининг кескин ўсиши қайд этилган. Туркманистон расмийлари бу ҳақда расман изоҳ бермаган.
Айни пайтда Афғонистоннинг давлат газ ва нефт компанияси Эрон ва Марказий Осиё давлатлари билан ўз бозори эҳтиёжларини қондириш учун газ импорт қилиш бўйича музокаралар олиб бораётганини маълум қилди.
«Биз улар билан Афғонистонга газ импорт қилиш бўйича музокаралар олиб боришга ҳаракат қиляпмиз», — деди компания вакили Маҳбобулла Маъсуд (Mahbobullah Masoud).
Бундан аввал, март ойида россияликлар Афғонистонга суюлтирилган газ етказиб беришни тиклашни режалаштираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Россия темир йўллари авваллари Россия ва Қозоғистон газ экспортининг катта қисмини қайта ишлаган Азов ва Қора денгизлардаги Украина ва Россия портларига маҳсулот етказиб беришни тўхтатди. Белоруссияга суюлтирилган газ экспорти ушбу мамлакатда газ захираси тўлганлиги сабаб тўхтатилди. Москвада суюлтирилган газ ҳажмини Афғонистонга йўналтириш имконияти кўриб чиқила бошланди, чунки Россия Федерациясининг ички бозорида нархларнинг пасайиши фонида газ экспорти янада фойдали бўлади.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).