Ўзбекистондаги 14 та музейдан 3000 дан ортиқ нодир ва ноёб экспонатлар ўғирлаб кетилди. Бу ҳақда 26 апрель куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев туризмни ривожлантириш ва музейлар фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Музейларда ўтказилган текширишлар давомида қимматбаҳо буюмларнинг йўқолгани аниқланди. Жумладан, Бухоро давлат музейида 81 та экспонат сохта нарсалар билан алмаштирилиб, 31,5 миллиард сўм (3 миллион долларга яқин) зарар етказилган. «Ичан-қалъа» мажмуаси музей фондида 101 та маданий бойлик ана шундай қисматга учраган.
Маданий мерос объектларига 30 йил давомида етказилган зарарнинг умумий миқдори 4 триллион сўмдан (354 миллион доллар) ошган.
Мирзиёев Туризм вазирлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги комиссияга топшириқ берди:
👉 йил охиригача барча музей экспонатларини рўйхатга олишни якунлаш ва электрон маълумотлар базасига киритиш;
👉 музейлар раҳбар ва ходимларининг билим ва малакасини баҳолаб, лавозимига нолойиқ раҳбарлар ўрнига билимли, ҳалол ва тадбиркор ёшларни қўйиш топширилди.
«Бундан буён музейлардаги шароитларга вилоят ҳокимлари жавобгар бўлади», — деди президент.
У ҳокимлардан бир ой муддатда 52 та машҳур музейга шахсан ташриф буюришни, уларнинг муаммоларини ҳал этишни талаб қилди. Тошкент шаҳар ҳокимига 1 октябрга қадар хориждан келган малакали мутахассислар билан биргаликда Темурийлар тарихи, Ўзбекистон тарихи ва табиат музейлари экспозицияларини замон талабларига мослаштириш ишларини бошлаш бўйича топшириқ берилди. Кейин ана шу тажриба асосида мамлакатнинг бошқа музейлари ҳам реконструкция қилинади.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бугунги кунда Ўзбекистон музейларининг 105 минг экспонати реставрацияга муҳтож. Йил охиригача мазкур муассасаларда музей биноларини таъмирлаш ва ашёларни реставрация қилиш учун 15 та реставрация лабораторияси ташкил этилади.
Туризм ва маданий мерос вазирлигига икки ой муддатда янги музейлар ташкил этиш ва хусусий музейларни реставрация қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш топширилди. Ҳукумат ушбу мақсадлар учун 50 миллион доллар ажратади.
Президент Туризм вазирлигига вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда топшириқ берди:
➡️ 4,5 мингдан ортиқ археологик ёдгорликларни очиқ осмон остидаги музейларга айлантирилади.
➡️ музейлардаги ноёб 2,5 минг экспонатни танлаб олиб, уларнинг нусхасини тайёрлаш ва сотишни йўлга қўйиш чораларини кўради.
➡️ «Музейда тун» каби 187 та йирик маданий-кўнгилочар, концерт-томоша тадбирлари ва уста-ҳунармандларнинг маҳорат дарси ўтказилади.
➡️ барчанинг ҳам Савицкий каби музейларга бориш имконияти йўқлиги туфайли «Санъатни халққа яқинлаштириш» дастури доирасида ҳудудларда музейларнинг кўчма кўргазмалари ташкил қилинади.