БМТ экспертлари АҚШни «афғон аёллари ҳаётини ёмонлаштираётганликда» айбладилар

TOLOnews сайти фотосурати

Қўшма Штатлар Афғонистондаги аёлларнинг турмуш шароитининг ёмонлашишига мамлакатнинг хорижий банкларда жойлаштирилган давлат активларини музлатиб қўйиш орқали ҳисса қўшмоқда. БМТ мустақил экспертлари гуруҳи шундай хулосага келди, дея хабар беради Reuters 26 апрель куни.

Ўтган йилнинг август ойида «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан Афғонистонда ҳокимият қўлга киритилгач, АҚШ Афғонистон Марказий банкининг мамлакат ташқарисидаги ҳисобларида бўлган 9,4 миллиард долларни музлатишга қарор қилди. Ушбу маблағларнинг 7 миллиард доллари Америка банкларига, қолгани Германия, Бирлашган Араб Амирликлари, Швейцария ва бошқа бир қанча мамлакатлар банкларига жойлаштирилган.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 14 нафар мустақил эксперти АҚШ расмийларини Афғонистон давлат активларини музлатиб қўйиш орқали, жумладан, афғон аёллари муаммоларининг кучайишига ҳисса қўшганликда айблади.

«Гендер асосидаги зўравонлик [Афғонистонда] аёллар ва қизлар учун узоқ вақтдан бери ва жиддий таҳдид бўлиб келган бўлса-да, бу АҚШ томонидан қўлланаётган чора-тадбирлар туфайли янада кучайган», — дея экспертларнинг сўзларидан иқтибос келтирган Reuters агентлиги. Шу билан бирга, улар Америка расмийларининг хатти-ҳаракатлари аёллар учун қандай муаммоларни келтириб чиқарганини батафсил баён қилмадилар.

Экспертлар, шунингдек, «Толибон»ни «гендер дискриминациясини кенгайтираётганликда» айблади.

БМТ экспертлари хулосасига кўра, Афғонистондаги 23 миллион киши ёки аҳолининг қарийб 60 фоизи озиқ-овқат ёрдамига қарам бўлиб қолаётган ҳозирги гуманитар инқироз аёллар ва болаларга «номутаносиб таъсир кўрсатмоқда».

Улар 60 кун олдин ўз хавотирлари ва тавсияларини АҚШ ҳукуматига расман етказган, бироқ ҳозирча жавоб олмаган, дея қайд этади Reuters.

Таъкидлаш жоиз, нақд пул етишмаслиги, хорижий расмийлар томонидан банк операцияларини тўсиб қўйиши, шунингдек, толиблар ҳукуматининг иқтисодий соҳадаги ножўя хатти-ҳаракатлари ўтган йил кузида Афғонистондаги юз минглаб одамларни очлик домига улоқтирди.

Мамлакатда тиланчилар сони кескин кўпайди, болаларнинг очликдан ўлиши ҳолати ошди. Январь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Афғонистоннинг давлат молиявий активларини озод қилиш ва мамлакат учун гуманитар операцияларни молиялаштиришни кўпайтиришга чақирди. Бироқ, март ойида толибларнинг юқори синф ўқувчи қизларининг мактабда ўқишини чеклаши давлат активларига доир вазиятни янада ёмонлаштирди. Жумладан, шу сабаб АҚШ расмийлари радикал ҳаракат билан режадаги маслаҳатлашувлардан бош тортди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ