Шифокорларга якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишга рухсат берилди

Kashira.org сайти фотосурати

Жорий йилнинг 1 сентябридан Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари якка тартибда оилавий врачлик амалиётини ўтказиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 25-апрел куни имзолаган «Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини янада яқинлаштириш ва тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорда айтилади.

«Якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш учун алоҳида тиббиёт муассасаси очиш талаб этилмайди ва ушбу тоифадаги шифокорларга ўз уйида ёки ижарага олинган бинода тиббий хизматлар кўрсатишга рухсат берилади», — дейилади қарорда.

Якка тартибдаги оилавий шифокорларга ўзига бириктирилган аҳолига бепул кўрсатилаётган хизматлар учун тўлов Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали берилади.

Мазкур тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш тажрибаси дастлаб 2022 йил якунига қадар Сирдарё вилоятида, кейинчалик эса босқичма-босқич бошқа ҳудудларда жорий этилади

Қарорда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат турларидан ташқари хизмат турларини пуллик асосда ташкил этишга рухсат берилган. Пуллик хизматлардан келиб тушган маблағларнинг 75 фоизгача бўлган қисми туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг тиббиёт ходимларини рағбатлантиришга йўналтирилади.

Шаҳар ва туманлардаги оилавий врачлик пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникалардаги кундузги стационарларнинг иш вақти соат 20:00 гача узайтирилди. 1 июндан бошлаб ушбу шифохоналарда ишлаётган тиббиёт ходимларининг ойлик маоши оширилади. 2022-йилда 136 та, 2023-йилда 140 та янги оилавий шифокор ва оилавий поликлиника очиш режалаштирилган.

Қарорда бир қатор бошқа янгиликлар, шунингдек, тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари, жумладан:

👉 Жорий йилнинг 1-майидан бошлаб бирламчи тиббиёт муассасаларидан узоқда жойлашган маҳаллаларда маҳалла врачлик пунктлари ташкил этилади. Олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги бундай марказлар ва оилавий поликлиникаларда ишлаётган шифокорлар ойлик маошига 2 миллион сўм (177 доллар) қўшилади. Маҳаллий бюджетлар ҳисобидан улар ипотека кредити асосида сотиб олинган уй-жой қийматининг 50 фоизигача (лекин 500 та базавий ҳисоблаш миқдоридан ошмаслиги керак) қопланади.

👉 1августдан бошлаб оилавий врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятини баҳолашнинг янги рейтинг тизими жорий этилади. Ортиқча вазндан халос бўлиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, жисмоний фаолликни ошириш, инфаркт, инсульт, қандли диабет ва саратон касалликларининг олдини олишда ижобий натижаларга эришган тиббиёт муассасалари ва шифокорлар ҳар 6 ойда бир марта пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

👉 1 июндан давлат тиббиёт муассасаларининг бевосита қон билан ишлайдиган ходимларини гепатит Б га қарши бепул эмлаш амалиёти жорий этилади.

👉 Ҳар йили 1 000 нафаргача имтиёзга эга бўлмаган, узоқ йиллар давомида давлат тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган бемор тиббиёт ходимларига Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан юқори технологик операцияларни ўтказиш амалиётини йўлга қўйилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ