Қашқадарё вилоятига ижтимоий соҳа ва инфратузилмани яхшилаш учун республика бюджетидан қўшимча 360 миллиард сўм (32 миллион доллар) ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида 22 апрел куни бўлиб ўтган вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилинди.
Яна 100 миллион доллари вилоятга халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари сифатида юборилади, 45 миллион доллари бизнес лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади.
Аввалроқ, давлат дастурлари доирасида жорий йилда Қашқадарёга 1,5 триллион сўмдан ортиқ (133 миллион доллар) маблағ йўналтирилган эди. Бу маблағлар ҳисобидан 2,8 минг километр муҳандислик-коммуникация тармоқлари, 160 та ижтимоий объектлар қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, вилоят аҳолисининг атиги 43 фоизи марказлашган ичимлик сув билан таъминланган. Айниқса, Косон, Деҳқонобод, Ғузор, Қамаши туманларида сув таъминоти жуда паст. Газ, электр, ички йўллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, банк-кредит соҳаларида ҳам муаммолар бор. Вилоятдаги 108 тиббиёт муассасаси, 172 мактаб, 144 боғча таъмирлашга муҳтож. Ушбу муаммоларни ҳал этиш учун вилоятга қўшимча 360 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.
Қашқадарёда 350 минг нафар аҳоли бандликка муҳтож эканини маълум қилган Мирзиёев янги маҳаллабай тизими асосида уларни тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва касаначиликка кенг жалб этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Қишлоқ хўжалигида умумий қиймати 7,4 триллион сўм (655 миллион доллар) бўлган 524 та лойиҳани амалга ошириш, бунинг натижасида 286 минг иш ўрни яратиш мумкинлиги қайд этилди.
Жумладан, 40 минг гектардан ортиқ ерлар қайта фойдаланишга киритилади. 20 минг гектарда анорзорлар барпо қилинади. Яккабоғ, Чироқчи, Қамаши, Шаҳрисабз ва Китоб туманларини сув билан таъминлаш учун «Аёқчисой» сел сув омбори қурилади. Томорқада мева-сабзавот етиштириш, чорвачилик ва ковракчилик қўллаб-қувватланади.
Навбатдаги мавзу ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилди. Жорий йилда Қашқадарёда 5 минг хонадонга мўлжалланган 143 кўп қаватли уй фойдаланишга топширилади. Режаларда 1 минг 823 километр ичимлик суви тармоқлари ва 1 минг 570 километр ички йўлларни қуриш, 9 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларида газ таъминотини тиклаш кўзда тутилган. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида жорий йилда 30 та аҳоли пунктининг қиёфаси ободонлаштирилади.
Сессияда Қашқадарё вилояти ҳокими тасдиқланди. 2021 йил ноябридан буён вилоят ҳокими вазифасини бажариб келаётган Муротжон Азимов ушбу лавозимни эгаллади.
«Қаерга уддабуррон раҳбар қўйилган бўлса, натижа бўлаяпти. Қашқадарёга, 3 ярим миллиондан кўп аҳолиси бўлган элга раҳбар бўлиш осон эмас. Бундай раҳбар топиш ҳам осон эмас. Қашқадарёнинг ери бой, тупроғи унумдор, одамлари меҳнаткаш. Фақат уларни бирлаштириб, елкадош бўлиб, ҳалол ишлаш керак. Ҳокимни ҳоким қиладиган, уни ишини кўрсатадиган шу халқ. Маҳаллий депутатлар, нуронийлар, умуман, одамлар бефарқ бўлмаса, Қашқадарёнинг қадамлари тезлашади», — деди Шавкат Мирзиёев.