Афғонистон шимолидаги шиа масжиди ва гуманитар ёрдам олувчиларга ҳужумлар уюштирилди

AAMAJ NEWS САЙТИ ФОТОСУРАТИ

21 апрель куни Афғонистоннинг Балх вилояти маъмурий маркази ҳисобланган Мозори Шариф шаҳридаги шиа масжидида намоз пайтида портлаш содир бўлди. Aamaj News хабарига кўра, камида 5 киши ҳалок бўлган, 50 киши яраланган.

Маҳаллий шифокорлар маълумотларига таянган TOLOnews телеканали хабарига кўра, Мозори Шарифдаги портлашда 65 киши жабрланган.

Бундан ташқари, Қундуз шаҳрида (шимолий вилоятнинг шу номдаги маъмурий маркази) гуманитар ёрдам олиш учун йиғилганлар орасида бомба ўрнатилган автомобиль портлатилган. Дастлабки маълумотларга кўра, 30 га яқин киши ҳалок бўлган ва жароҳатланган.

Ижтимоий тармоқларда Мозори Шарифдаги масжидда содир бўлган портлаш жойидан олинган илк видеолавҳалар эълон қилинди.

Бугун Қобул ва Нангарҳор вилоятида ҳам портлашлар юз берди. Афғонистон пойтахтида ахлат қутисига ўрнатилган қўлбола портловчи қурилма ишга туширилиши оқибатида икки нафар вояга етмаган бола жароҳатланган. Нангарҳорда «Толибон» * радикал ҳаракати жангариларининг патрули яқин орадан ўтаётганда мина портлаб, тўрт жангари ҳалок бўлган, бир нафари яраланган.

Ҳозирча Афғонистонда фаолият юритаётган террорчи гуруҳларнинг бирортаси портлашлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.

Икки кун аввал Қобулнинг шиалар яшайдиган тумандаги таълим муассасалари яқинида портлашлар содир бўлганди. Натижада 10 киши ҳалок бўлди — асосан талабалар. Бу гал ҳам содир этилган ҳужумлар учун жавобгарликни ҳеч ким бўйнига олмади.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди