Толиблар Кобулда тиланчилар сони ортиб бораётганидан хавотирдалар

Қобулдаги тиланчи аёллар.TOLOnews сайти фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* томонидан тузилган ҳукумат Бош вазири мулла Муҳаммад-Ҳасан Охунд Кобулга тиланчилар сонининг кўпайиши сабабини аниқлаш ва бу муаммога ечим топишни буюрди. Бу ҳақда 21 апрель куни TOLOnews хабар берди.

Охунд вазиятни ўрганиш учун толиблар ҳукуматининг Меҳнат вазирлигига, шунингдек, Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг (ХҚХҚ) Кобулдаги ваколатхонасига мурожаат қилган.

Афғонистон пойтахти аҳолисининг сўзларига кўра, ҳозирда шаҳарда тиланчилар бўлмаган кўчалар деярли қолмаган.

«Афғонистон Ислом Амирлиги Вазирлар Маҳкамаси** ўзининг 31-йиғилишида турли идораларга қашшоқлик ва ишсизлик муаммоси, айниқса Кобулда тиланчиликнинг кучайиши билан шуғулланиш бўйича кўрсатмалар берди. Улардан кенг қамровли режа тақдим этиш ва уни имкон қадар тезроқ амалга ошириш сўралган», — деди толибларнинг расмий вакили Иномуллоҳ Самангоний.

Таҳлилчилар тиланчилар сонининг кўпайишига толиблар ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг мамлакатда қашшоқлик кучайишини асосий сабаб деб биладилар. Афғонистоннинг кўплаб халқаро ҳамкорлари янги ҳокимият билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди. Бу эса ўз навбатида мамлакатда жиддий инқирозни келтириб чиқарди.

Вазиятга Афғонистоннинг хорижий банкларда — асосан Америка банкларида жойлашган 9 миллиард долларлик давлат активларининг музлатилиши ҳам салбий таъсир кўрсатди. Бундан ташқари, «Толибон» томонидан кўрилган чеклов чоралари иқтисодиёт ва ишсизлик даражасига таъсир қилди. Масалан, аёллар ва қизларнинг иш билан таъминланишига тўсқинлик қилмоқда.

«Уй хўжаликларининг иқтисодий аҳволи мутлоқ қашшоқлик домида, унинг даражаси ўсиб бормоқда», — дейди таҳлилчи Шокир Ёқуби.

Афғонистон аҳолисининг 70 фоизи ҳозирда асосий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлай олмайди. Бундай маълумотлар март ойи ўрталарида Жаҳон банки ҳисоботида келтирилган.

Афғонларнинг қашшоқлашуви оқибатида болалар ўлими кўпайди. Ўтган тўрт ой ичида Афғонистонда 308 нафар бола очликдан ўлган, 200 мингдан ортиқ бола тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда.

Гуманитар лойиҳаларни молиялаштириш билан боғлиқ вазият кўплаб донор давлатларнинг афғон қизларининг мактабда ўқиши кераклиги шарти билан янада оғирлашди. 23 март куни янги ўқув йили бошланганидан сўнг, толиблар юқори синф ўқувчи қизларини дарсларга қўймадилар.

Толиблар Афғонистондаги иқтисодий муаммоларни мустақил равишда ҳал қила олмайдилар. Илгари улар афғонларнинг озиқ-овқат учун ишлашига доир бир нечта лойиҳаларни бошладилар, аммо бу лойиҳалар кенг тарқалмади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

** «Толибон»нинг 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонда ҳукм сурган пайтидаги сиёсий тизимининг номланиши. Толиблар 2021 йил августда қайтадан иқтидорга келганидан сўнг ушбу номдан яна фойдалана бошладилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ