Франция Ўзбекистонга «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш учун 150 миллион евро ажратади

Slon.fr сайти фотосурати

Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) ўртасида келишув имзоланди. Унга кўра ФТА республикага 150 миллион евро ажратади. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри хабар берди.

Маблағлар «яшил» иқтисодиётнинг янги стратегик механизмини тайёрлаш, молиялаштириш ва амалга оширишга йўналтирилади, унинг марказида Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш ётади. Шартнома беш йилга тузилган.

Техник ҳамкорлик дастури доирасида бир вақтнинг ўзида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига стретегик механизмни ишлаб чиқиш, уни давлат молиясига (солиқ сиёсати, давлат компанияларини барқарор бошқариш, «яшил» бюджет) ҳамда секториал сиёсий чоралар ва дастурларда (қайта тикланувчи энергия манбалари ва бошқалар) мужассамлаштиришда кўмак кўрсатилади.

«Дастур Ўзбекистонга ресурслар ва углевод ташламалари борасида янада самарали моделга ўтишига хизмат қилади. Бу Ўзбекистонда атроф-муҳитга чекланган миқдорда таъсир кўрсатган ҳолда ҳам бандликни таъминлаш, ҳам иқтисодий ўсиш имконини бериши мумкин», — дея таъкидлади ФТАнинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Вансон Копэн.

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов «яшил иқтисодиётга ўтиш биз танлай оладиган эмас, балки биз қилишимиз керак бўлган нарсадир. Кейинги ривожланиш стратегиямизда яшил иқтисодиётнинг аҳамияти бир неча бор таъкидланади. Ушбу мақсадга эришиш учун биз бир нечта лойиҳаларни ишлаб чиқдик ва ФТАдан олинган ушбу ёрдам ишнинг давом этиши учун асосдир. Бу ҳали бошланиши, чунки биз бу йўналишда ФТА билан ҳамкорликда ишлашни давом эттирамиз», — деди.

Бундан олдин, февраль ойида Тошкентда Глобал Яшил ривожланиш институти – GGGI ваколатхонаси очилган эди. Ушбу халқаро ҳукуматлараро ташкилот ўзгарувчан иқлим шароитида ривожланаётган ва бозор иқтисодиётини танлаган мамлакатларда «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсишга ёрдам беради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ