Ҳудудлардаги тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун банкларга 300 миллион доллар ажратилади

Dela.ru сайти фотосурати

Ўзбекистон тижорат банкларига кичик бизнес субъектларини молиялаштириш учун 300 миллион доллар эквивалентида кредит линияси ажратилади. Бу «Ҳудудларда тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш механизмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарорида назарда тутилган.

Кредит линияси Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан миллий валютада 7 йил муддатга, шу жумладан уч йиллик имтиёзли давр билан йиллик 10 фоиз ставкада ажратилади.

Қарорга кўра, кредит линияси маблағларининг камида 70 фоизи Нукус шаҳридан, вилоятларнинг маъмурий марказларидан ва вилоят бўйсунувида бўлган шаҳарлардан ташқари ҳудудларда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга ажратилади.

Тижорат банклари томонидан кредитлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш (бундан қурилиш, савдо, воситачилик соҳасидаги лойиҳалар, шунингдек, акцизости товарлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахслар ҳамда айланма маблағларни тўлдириш ҳолатлари мустасно) учун ажратилади.

Кредит бериш муддати беш йилгача, шу жумладан икки йилгача имтиёзли давр, йиллик ставка 14 фоизни ташкил этади. Кредит миқдори 5 миллиард сўмни (442 минг доллар) ташкил этиши мумкин ва корхонанинг ишлаш муддатига боғлиқ.

Тадбиркорлик субъектларининг фаолият даври 6 ойгача бўлганда 1 миллиард сўмгача, 6 ойдан 1 йилгача бўлганда 2 миллиард сўмгача, 1 йилдан 2 йилгача бўлганда 3 миллиард сўмгача, 2 йилдан 3 йилгача бўлганда 4 миллиард сўмгача ва 3 йилдан ошганда 5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилади.

Ўтган йил декабрь ойида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси янги иш бошлаган тадбиркорларга 100 миллион доллар кредит ажратиши ҳақида хабар берилган эди. Кредитлар миқдори бир мингдан икки минг базавий ҳисоблаш миқдорида (БҲМ ҳозир 270 минг сўм ёки 24 доллар) — яъни 270 миллион сўмдан 540 миллион сўмгача (24 минг доллар – 48 минг доллар) бўлади. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар рўйхатига киритилган фуқаролар имтиёзли кредит олиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ