Афғонистонда тўрт ой ичида 308 бола очликдан нобуд бўлди

TOLOnews сайти фотосурати

Ўтган тўрт ой ичида Афғонистонда 308 нафар бола очликдан ўлган, айни пайтда 200 мингдан ортиқ бола тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда. Бундай маълумотлар мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган, деб хабар беради TOLOnews.

Вазирлик маълумотларига кўра, бу йил тўйиб овқатланмасликдан азият чекаётган болалар сони барқарор ўсиб бормоқда.

«2022 йил бошидан ҳозирга қадар 200 000 дан ортиқ (тўйиб овқатланмаслик) ҳолатлари қайд этилган... шулардан 60 000 нафари мутлоқ тўйиб овқатланмасликдан азият чекаётган болалардир», — деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Жовид Ҳожир (Javid Hajir).

Афғонистонда тўйиб овқатланмайдиган болаларни даволаш маркази бўлган Индира Ганди номли болалар касалхонаси Кобулда тўйиб овқатланмаётган болалар сони кундан кунга ортиб бораётганини таъкидлайди.

«Қашшоқлик кўп оилаларга бевосита таъсир қилмоқда ... Ундан аввало 5 ёшгача бўлган болалар энг кўп зарар кўради», — дейди Индира Ганди болалар касалхонасининг ички касалликлар бўлими бошлиғи Муҳаммад Ареф Ҳассанзай (Mohammad Aref Hassanzai).

«Беморларимиз асосан вилоятлардан келади. Ҳозирги вақтда тўйиб овқатланмаслик билан оғриган одамлар сони ортиб бормоқда. Қашшоқлик ва ишсизлик кўпайди, шу сабабдан беморлар сони ортмоқда», — дейди касалхона бўлими мудири Ҳасиба (Hasiba).

Бундан оодин БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) афғон болалари орасида очарчиликнинг кучайишига иқтисодий инқироз асосий сабаб бўлганини айтган эди.

Афғонистондаги иқтисодий инқирозга ўтган йили ҳокимиятни эгаллаган «Толибон»* радикал ҳаракати сабаб бўлганини қўшимча қиламиз. Афғонистон ва афғонларга ёрдам берган кўплаб ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар кўплаб давлатлар томонидан террорчи деб тан олинган толиблар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).