АҚШ Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига 50 та «Toyota Hilux» ва «Fortuner» русумли автомашина топширди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.
Автомобилларини топшириш маросимида АҚШ элчиси Даниел Розенблюм, Чегара қўшинлари қўмондони ўринбосари, полковник Бахтиёр Мансуров ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари иштирок этди.
Қиймати 2,25 миллион долларга тенг автомашиналар АҚШ давлат департаменти молиялаштирувчи Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармаси (NDF) доирасида совға қилинди.
«2001 йилда АҚШ ва Ўзбекистон илк бор мудофаа соҳаси ва қуроллар тарқалишининг олдини олиш тўғрисидаги битимни имзолагандан буён мамлакатларимиз ядровий, биологик, кимёвий ва радиологик материаллар тарқалишига қарши курашиш, шунингдек, чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича тўла ҳуқуқли шерик бўлиб келмоқда», — деди Розенблюм.
Элчи топширилган автомашиналар чегара қўшинларининг Ўзбекистон давлат чегарасини қўриқлаш, «яшил чегара»ни қўриқлаш ва чегарадаги нохуш ҳодисаларга тезкорлик билан муносабатда бўлиш имкониятларини оширишига умид билдирди.
1994 йили ташкил этилган Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармаси АҚШ ҳукуматига зудлик билан қарор қабул қилишни талаб этувчи қурол тарқалишининг олдини олиш ва қуролсизланиш соҳасидаги кутилмаган ва мураккаб вазиятларда оператив жавоб қайтаришга имкон яратади.
«Жамғарма ишнинг энг ишончли, хавфсиз ва тежамкор тарзда бажарилишини таъминлаш учун стратегияни ишлаб чиқиш, музокаралар олиб бориш, дастурларни бошқариш, молиявий операциялар ва шартномалар ижросини таъминлаш бўйича тажрибага эга», — дея қўшимча қилди АҚШ элчихонаси.