Ўзбекистон маҳаллаларида микросаноат ва савдо марказлари ташкил этилади. Улар беш йил муддатга ер ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилади. Бу ҳақда 19 апрель куни Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилишда сўз борди, деб хабар беради президент матбуот хизмати.
Ҳар бир маҳалла ихтисослигига қараб давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Аҳоли ҳунармандчилик, тикувчилик, поябзалчилик, қандолатчилик билан шуғулланадиган жойларда микросаноат марказлари очилади.
Икки мингдан ортиқ маҳалла (мамлакатда уларнинг сони 10 мингдан ортиқ) хизмат кўрсатиш соҳасига ихтисослашган. Аҳолиси 20 мингдан ортиқ бўлган йирик шаҳарларда савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари очилади.
2,5 минг маҳалла чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликка ихтисослашган. Бу тармоқларда камида 140 минг киши иш билан таъминланиши мумкин. Йиғилишда истак билдирувчиларни инкубаторлар, уй товуқлари, асалари уялари билан таъминлаш орқали қўллаб-қувватлаш зарурлиги муҳокама қилинди.
Ўзбекистонликларни, айниқса, аёллар ва ногиронларни иш билан таъминлашнинг яна бир йўли касаначилик деб аталди. Президент йиғилиш олдидан касаначиликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш тўғрисидаги қарорни имзолаганини айтди.
Касаначилар билан ишлаётган тадбиркорлар оилавий бизнес дастуридан 500 миллиард сўм (44 миллион доллар) олади, уларга Тадбиркорлик жамғармаси томонидан 75 фоиз кафолат ва кредит харажатларининг 10 фоиздан ортиғи учун компенсация берилади. Касаначиларнинг ўзлари якка тартибдаги тадбиркор сифатида фақат ижтимоий солиқ тўлайди, чекка ҳудудларда ишлаган биринчи ойлик иш ҳақи эса давлат томонидан қопланади.
6,9 миллион уй хўжалигини ўрганиш натижаларига кўра, фақат 36 фоизини ўзини-ўзи таъминлай олиши маълум бўлди.
47 фоизи қўшимча даромадга, 6 фоизи ижтимоий ҳимояга муҳтож, 11 фоизи кам таъминланган оилалар деб эътироф этилган. Маҳалла ҳокимлари ёрдамчилари кўмагида 50 мингта оилавий тадбиркорлик лойиҳасини амалга ошириш учун 1,3 триллион сўм (115 миллион доллардан ортиқ) кредит ва 20 миллиард сўм (1,7 миллион доллар) субсидиялар ажратилди.
Бироқ, кўпгина маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиларининг иши сезилмаяпти. Шу муносабат билан айрим ҳокимлар огоҳлантирилди, бир қатор туман ва шаҳарлар ҳокимларининг ўринбосарлари, сектор мудирлари эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди.
Президент қониқарсиз деб топилган маҳаллалардаги вазиятни яхшилаш бўйича кўрсатмалар берди. Бунинг учун бюджет харажатларини оптималлаштириш ҳисобига 800 миллиард сўм (70 миллион доллардан ортиқ) йўналтирилади.