Толиблар журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилдилар

AAMAJ NEWS САЙТИ ФОТОСУРАТИ

«Толибон»*радикал ҳаракати жангарилари 19 апрель куни эрталаб Қобулнинг ғарбий қисмида портлашлар содир бўлган жойга етиб келган журналистларнинг суратга олиш ишларига тўсқинлик қилган. Бу ҳақда Aamaj News ахборот агентлиги хабар беради.

Аниқланишича, портлашлар асосан шиа ҳазоралари истиқомат қиладиган ҳудуддаги таълим муассасалари яқинида содир бўлган.

Толиблар фақат портлаш фактларини расман тасдиқлаганлар. Кобул хавфсизлик департаменти вакили Холид Задран Афғонистон пойтахтининг шиалар яшовчи ғарбий қисмида учта портлаш содир бўлганини айтади. Задран ҳужум қурбонлари ҳақида ҳеч нарса демаган.

Афғон журналистларига кўра, бу ерда 6 -10 киши ҳалок бўлган. Қурбонлар асосан ҳазора мактаблари ўқувчиларидан иборат бўлган.

Толиблар воқеа жойига етиб келган журналистлардан суратга олиш аппаратларини тортиб олганлар. Жангарилар ўзларининг бундай хатти-ҳаракатлари сабабларини изоҳламаганлар. Таъкидлаш жоиз, толиблар одатда журналистларнинг ҳокимият ва радикал ҳаракат сиёсатига қарши намойишларни ёритиш ишларига тўсқинлик қиладилар.

Қобул ғарбидаги портлашлар оқибатида қонга беланган ўқув китоблари. Aamaj News сайти фотосурати

Ҳозирча ҳеч қайси гуруҳ портлашлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Қўшимча қилиш лозим, шиаларга қарши терактлар одатда «ИШИД-Хуросон»* террорчилари томонидан амалга оширилади. Ўтган йил 8 октябрь куни Афғонистоннинг Қундуз шаҳридаги шиа масжидида жума намози вақтида «ИШИД-Хуросон» гуруҳига мансуб худкуш ўзини портлатиб юборганди. 300 га яқин намозхон ҳалок бўлган ва яраланган, қурбонлар орасида болалар ҳам бўлган.

Таъкидлаш жоиз, Афғонистонда хориж қўшинларининг 20 йиллик фаолияти давомида толиблар шиа ҳазораларига қарши бир неча бор ҳужумлар уюштирган ва террорчилик ҳужумларини амалга оширганлар. Ҳокимиятни қўлга киритган ва асосан сунний пуштунлардан иборат радикал ҳаракат ҳазоралар ҳуқуқларини поймол қилиш сиёсатини олиб бормоқда. Айрим ҳазоралар толиблар томонидан ўғирлаб кетилган, қийноққа солинган ёки ўлдирилган.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ