Ўзбекистон ИИВ кўзи ожиз болаларни ўқитиш ва тарбиялаш ишларига жалб этилади

Февраль ойида Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги №59 интернат-мактабга ташриф буюрди. Ўзбекистон президенти матуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари «Нурли маскан» деб номланиб, улар Ички ишлар вазирлиги қошида ташкил этилади. Бу Президентнинг «Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда таълим бериш сифатини ошириш ҳамда улар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.

Ички ишлар вазирлиги ҳар бир мактабга ёрдам кўрсатувчи масъул шахсларни тайинлайди. Улар:

👉 сифатли таълим ва тарбия бериш, турмуш шароитини яхшилаш, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, шунингдек, уларнинг интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш;

👉 ўқувчиларни жисмоний имкониятларидан келиб чиқиб, соғлом, маънан етук шахс этиб тарбиялаш, шунингдек, дунёқарашини шакллантириш, турли спорт турларига рағбатлантириш ва жалб этиш;

👉 ўқувчиларда ватанпарварлик туйғусини шакллантирувчи маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш билан шуғулланади.

Ўқувчиларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш учун вазирликка уч ой муддат ичида барча «Нурли маскан» мактаблари ҳудудида видеокузатув мосламаларини ўрнатиш топширилди.

Йил охирига қадар мактабларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш учун махсус майдонлар ташкил этиш, «Нурли маскан» ёнига овозли светофор ва инновацион йўл белгиларини ўрнатиш режалаштирилган.

«Нурли маскан» мактабларининг Брайль ёзувидаги дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, бадиий ҳамда болалар учун мўлжалланган адабиётлар, турли ихтисослик ва йўналишлардаги босма ва аудиокитобларга бўлган эҳтиёжи ҳар олти ойда ўрганилади ва шу асосда адабиётлар рўйхати шакллантириб борилади.

«Нурли маскан» мактабларидаги шароитларни яхшилашга қаратилган бошқа чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:

➡️ Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва бошқа тиббиёт муассасалари мутахассисларини талабаларни даволаш ва реабилитация қилишга жалб этиш;

➡️ мактаблар эҳтиёжларини ўрганиш асосида брайл алифбосидаги дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар, бадиий ва болалар адабиёти, турли йўналишлар бўйича босма ва аудио адабиётлар ишлаб чиқаришга давлат буюртмасини эълон қилиш;

➡️ «Нурли маскан» мактаблари битирувчилари учун алоҳида вилоят ва республика фан олимпиадаларини ўтказиш;

➡️ ахборот технологиялари, чет тиллари, касб-ҳунар ва тадбиркорликни ўргатиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш;

➡️ Сентябрь ойига қадар маҳаллий бюджетлар ҳисобидан мактабларни кўзи ожизлар учун мослаштирилган махсус компьютер техникаси воситалари билан тўлиқ жиҳозлаш

➡️ «Доирачилар», «Дуторчи қизлар» ва «Фолклор» гуруҳларини ташкил этиш — болаларнинг санъатга, айниқса мусиқага қизиқишини ошириш;

➡️ спорт заллари ва майдончаларини халқаро стандартлар асосида жиҳозлаш ва бошқа чора-тадбирлар.

Халқ таълими вазирлигига Ўзбекистондаги барча кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларни маҳалла қўмиталари ёрдамида аниқлаган ҳолда мактаб таълимига қамраб олиш топширилди.

2022 йил охирига қадар инклюзив таълим тизимини жорий қилган таълим муассасалари кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун зарур шарт-шароитларни яратиши шарт. Хусусан, бундай мактаблар нақшинкор йўлакчалар, Брайл алифбоси асосидаги адабиётлар, шунингдек, махсус эшитиш воситалари билан таъминланиши керак. Шунингдек, улар кўзи ожиз ва заиф кўриш қобилиятига эга бўлган болаларнинг яқин қариндошларининг дарсларида биргаликда иштирок этишлари учун шароитларга эга бўлиши керак.

Февраль ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев республиканинг барча олий ўқув юртлари ва давлат ташкилотларига кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фуқароларни қабул қилиш учун квота жорий этилишини ваъда қилганди. Ҳар бир мактаб-интернатда болалар боғчаси қурилади, мактабларда касб-ҳунарларга ўргатилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ