Ўзбекистонда долларга талаб ортиб бормоқда

Uznews.uz сайти фотосурати

2022 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда АҚШ долларига бўлган талаб 69 фоизга ошди, деб хабар беради Республика Марказий банки матбуот хизмати.

Жисмоний шахслар банклардан 1,73 миллиард доллар сотиб олган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 709 миллион долларга кўп, ўшанда аҳоли 1 миллиард доллардан сал кўпроқ пулни сотиб олган.

Банкларга доллар сотиш ҳажми ҳам 38 фоизга ошган. Ўтган йилнинг январь-март ойларида аҳоли томонидан 1,53 миллиард доллар, шу йилнинг биринчи чорагида 2,11 миллиард доллар сотилган.

2022 йилнинг дастлабки уч ойида Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 3 фоизга ошди – хориждан 1,47 миллиард доллар келиб тушди, бу ўтган йилга нисбатан 49 миллион долларга кўпдир.

АҚШ долларининг 19 апрелдаги курси 11 278 сўм этиб белгиланди. Бир евро 12 172,37 сўм, Россия рубли 142,09 сўмни ташкил қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон аҳолиси айирбошлаш шохобчалари орқали 7,1 миллиард доллар сотган, 4,6 миллиард доллар сотиб олган. Хорижий валюта кўпинча – 57 фоиз ҳолатда – асбоб-ускуналар, товар ва хомашё хариди учун сотиб олинган бўлса, 20 фоизи хорижий валютадаги кредитларни тўлашга, 20 фоизи – истеъмол товарлари ва дори-дармонлар импорти учун, 1 фоизи – хорижий инвесторлар даромадларини репатриация қилиш учун, қолган 2 фоизи – бошқа мақсадларга тўғри келган.