Ўзбекистонлик футболчи Россия клуби билан узоқ муддатли шартнома имзолади

Иброҳимхалил Йўлдошев. matchtv.ru сайти фотосурати

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Иброҳимхалил Йўлдошев Россия Премер-лигаси клуби «Нижний Новгород» билан шартномасини узайтирди. Бу ҳақда «Матч ТВ» сайти хабар беради.

Нашрнинг ёзишича, Йўлдошев клуб билан узоқ муддатли шартнома имзолаган. Шартнома тафсилотлари кўрсатилмаган. Тез орада клуб расмий баёнот бериши кутилмоқда.

Аввалроқ, ўзбекистонлик футболчига Москванинг «Спартак» клуби қизиқаётгани ҳақида хабар берилганди.

21 ёшли футболчининг Нижний Новгород билан аввалги келишуви 2023 йилнинг ёзига қадар тузилганди. Футболчи жорий мавсумда 19 та ўйин ўтказиб, 1 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди. 25-турдан сўнг Нижний Новгород РПЛ турнир жадвалида 11-ўринда бормоқда.

Иброҳимхалил Йўлдошев Тошкентнинг «Пахтакор» клуби тарбияланувчиси. У «Пахтакор» таркибида Ўзбекистон чемпиони ва Республика Суперкубоги соҳибига айланди. 2021 йилнинг августида у Нижний Новгородга 250 минг еврога сотилган. Йўлдошев клубнинг асосий жамоа аъзоси ҳисобланади. У Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 13 та ўйин ўтказиб, битта гол муаллифига айланган. Transfermarkt портали футболчи нархини 800 минг еврога баҳоламоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ