Бухоро амирининг ёзги қароргоҳи бўлган Ситораи Мохи Хоса саройида нотўғри амалга оширилган реставрация натижасида мажмуанинг айрим қисмлари ўзининг тарихий-бадиий қийматини бутунлай йўқотган. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги (ММА) матбуот хизмати хабар берди.
Агентлик Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш инспекцияси билан биргаликда саройда олиб борилаётган таъмирлаш-тиклаш ишлари ҳолатини ўрганиб, улар маданий мерос объектларини реставрация қилиш талаблари бузилган ҳолда амалга оширилганлигини аниқлади. Таъмирлаш-тиклаш лойиҳалари махсус илмий-эксперт кенгаши томонидан тасдиқланмаган, зарур рухсатномалар олинмаган, бошқа бир қатор талаблар қўпол равишда бузилган.
Текширув натижалари Бош прокуратурага тақдим этилиб, бир қатор масъул мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Ситораи Мохи Хоса — Бухоро амирларининг ёзги саройи бўлган. Асосий бинолар охирги амир Саид Олимхон даврида (1911-1920) қурилган. Бу ном «ой ва юлдузлар учрашадиган жой» деб таржима қилинган.
1920 йилда Бухоро большевиклар томонидан босиб олингач, сарой Бухоро Халқ Республикасининг (1920-1924) олий давлат органи бўлган янги ҳукуматнинг йиғилиш жойига айланган.
1927 йилда мажмуа ҳудудида музей очилди. ММА маълумотларига кўра, унга ҳар йили 158 минг сайёҳ ташриф буюради, шу жумладан, 63 минг нафари хорижликлар.
2021йил ноябр ойида ММА Ситораи Мохи Хосани реставрация қилиш жараёнида бадиий безаклар, нақш ва кошинлар йўқ қилингани, обиданинг тарихий-бадиий қийматига 28 миллиард сўм (2,7 миллион доллар) миқдорида зарар етказилгани ҳақида хабар берган эди.
Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 132-моддаси («Моддий маданий мерос объектларини йўқ қилиш, шикастлаш»)га қатор ўзгартишлар киритилиб, улардан бири етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини кучайтирди ( илгари максимал муддат уч йил эди).