Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон иқтисодиёти ўсишига доир чора-тадбирларни санаб ўтди

Рон ван Руден. Ўзбекистон ИТВС матбуот хизмати фотосурати

Халқаро валюта жамғармаси Рон ван Руден бошчилигидаги ХВЖ миссиясининг икки ҳафталик – 31 мартдан 13 апрелгача Ўзбекистонга ташрифи бўйича баёнот тайёрлади.

Баёнотда таъкидланишича, Ўзбекистон етарлича захиралар ва олтин нархининг юқорилиги туфайли пандемияни яхши енгиб чиқди. 2021 йили мамлакат иқтисодий ўсиши 7,4 фоизгача тезлашди, нисбатан қаттиқ пул-кредит сиёсати инфляцияни 10 фоизга туширишга ёрдам берди.

Бироқ , Россия Федерациясининг Украинадаги ҳарбий махсус операцияси ва Россияга қарши жорий этилган санкциялар Ўзбекистон иқтисодиёти истиқболларига салбий таъсир кўрсатиб, уларни аниқликдан маҳрум қилмоқда. Шу билан бирга, прогнозларда қуйидагилар билан боғлиқ бўлган пасайиш хавфи устунлик қилади:

👉 уруш ва санкциялар режимининг янада кучайиши;

👉 вируснинг янги тури пайдо бўлиши сабаб пандемиянинг янги тарқалиш эҳтимоли;

👉 бошқа асосий савдо ҳамкорлари, жумладан, Хитой, Туркия ва Қозоғистондаги секинлашув;

👉 Товар нархларининг янада ўзгарувчанлиги.

Россиядан пул ўтказмалари ва молиялаштиришнинг қисқариши, шунингдек, товар айирбошлашнинг камайиши, шу жумладан етказиб бериш занжиридаги кейинги узилишлар истеъмол ва инвестицияларнинг камайишига олиб келиши прогноз қилинмоқда.

2022 йили Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръати илгари 6 фоиз даражасида прогноз қилинган 3-4 фоиздан ошмаслиги кутилмоқда. Жаҳон бозорида озиқ-овқат ва ёқилғи нархларининг кўтарилиши туфайли инфляция 12% даражасида қолади.

ХВЖ Ўзбекистон ҳукуматининг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар оқибатларини юмшатишга эътибор қаратиш ҳақидаги қарорини маъқуллади.

«Иқтисодий сиёсат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, заиф оилаларни қўллаб-қувватлаш, макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни сақлаш, савдо каналлари ва молиявий оқимларни таъминлашга қаратилган», — дейилади баёнотда. Корхоналар трансчегаравий транзакцияларни санкция жорий этилмаган каналлар орқали амалга ошириш орқали мослаша олди, аммо этказиб беришнинг кечикиши ва харажатларнинг сезиларли даражада ошишига олиб келган логистика муаммолари мавжуд.

ХВЖ Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши учун давлат харажатлари ва даромадлар сафарбарлиги самарасини оширишни талаб қилишини таъкидлади.

Давлатнинг иқтисодиётдаги ролини сезиларли даражада камайтирилиши керак.

ХВФ миссияси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда:

➡️ пенсия таъминоти тизимининг барқарор асосини яратиш ва кексаликда қашшоқликдан ҳимоя қилишни таъминлаш зарур;

➡️ имтиёзларнинг бекор қилиниши, солиқ ва божхона маъмуриятчилигининг янада такомиллаштирилиши даромадларни йиғишни оширишга ёрдам беради;

➡️ давлат кредитлари ва давлат корхоналарини кредитлашдан хусусий сармояга ўтиш зарур;

➡️ янги иш ўринлари, биринчи навбатда, кичик ва ўрта хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан яратилиши керак;

➡️ фармонлар чиқаришдан мустаҳкам, бозорга йўналтирилган қонунчилик базасини ишлаб чиқиш ва бизнес қоидаларини тартибга солишга ўтиш прогнозлиликни оширади ва инвестицияларни рағбатлантиришга ёрдам беради;

➡️ Мулк ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, жумладан, коррупцияга қарши курашиш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва холислигини мустаҳкамлаш зарур;

➡️ қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни сотишни тезлаштириш инвесторларни ҳимоя қилади;

➡️ ерга эгалик қилиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш ва қишлоқ хўжалиги ерлари бозорини яратиш фермерларга молиялаштиришни жалб қилишга ёрдам беради;

➡️ Расмийларнинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокаралар ва GSP+ ЕИ доирасида сертификатлаштириш жараёнларини тезлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ташқи савдони кўпайтириш ва диверсификация қилишга ёрдам беради.

➡️ Хусусийлаштириш ва давлат мулки тўғрисида янги қонунлар қабул қилиниши керак.

«Келгусида макроиқтисодий барқарорликни янада таъминлаш ва таркибий ислоҳотларни жадаллаштириш ўсиш суръатларини йилига 5 фоиздан 6 фоизгача бўлган ўрта муддатли тенденцияга қайтариш учун муҳим аҳамият касб этади. Бу ҳукуматга Ўзбекистонни 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига даромади 4000 доллар эквивалентидан юқори бўлган ўртадан юқори даромадли мамлакатга айлантириш ва қашшоқлик даражасини икки баравар камайтиришга қаратилган мақсадига эришиш имконини беради», — дейилади ХВЖ баёнотида.

Бундан олдин Жаҳон банки (ЖБ) Ўзбекистон иқтисодиётининг 2022 йили 3,6 фоизга ўсишини башорат қилган бўлса, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) 4 фоизга ўсишини кўрсатиб ўтди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ