Толиблар ҳибсга олиниши тартибсизликларга сабаб бўлган ўзбек қўмондонини озод қилдилар

Озод этилган Маҳдум Алем (чапдан иккинчи). Twitter тармоғи фотосурати

Толиблар томонидан бундан уч ой олдин қамоққа олинган Афғонистон шимолидаги «Толибон»* радикал ҳаракати тузилмаларининг нуфузли қўмондони, миллати ўзбек бўлган Махдум Алем озод этилди. Бу ҳақда 13 апрель куни Aamaj News ахборот агентлиги хабар берди.

Алем 12 январь куни Мозори Шарифда толиблар ҳукумати Мудофаа вазири ўринбосари мулла Муҳаммад Фазел буйруғи билан ҳибсга олинган. Кейинроқ, «Толибон» раҳбарияти уни бир неча афғоннинг ўғирланишини уюштирганликда айблади. Бироқ, афғон журналистларининг таъкидлашича, нуфузли қўмондон пуштун ва пуштун бўлмаган қўмондонлар ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли ҳибсга олинган.

Алемнинг ҳибсга олиниши туфайли ўзбек аҳолиси Фарёб вилоятида тўполон кўтарди. Бир неча кун давомида вилоятнинг маъмурий маркази Майман шаҳрида ҳокимият исёнчилар ихтиёрида бўлди.

«Толибон» ўз жангариларининг қўшимча отрядларини Майманга жўнатиб, вазиятни назорат остига олишга муваффақ бўлди.

Aamaj Newsнинг таъкидлашича, Алемнинг озод этилиши толиблар ҳукуматининг Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари бўлган бошқа бир ўзбек қўмондони Салоҳиддин Айюбийнинг воситачилигида амалга оширилган.

Таъкидлаш жоиз, радикал ҳаракат асосан пуштунлардан иборат. Пуштун толиблари ҳокимиятни қўлга киритгач, Афғонистондаги бошқа этник гуруҳ вакилларига зулм ва тазйиқ ўтказа бошладилар. Сўнгги ойларда «Толибон»га тегишли ўзбек ва тожикларнинг айрим қўмондонлари қатағон қилинган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди