Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори воситаларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Бехҳод Мусаев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига Молия вазирлиги билан биргаликда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 120 турдаги дори воситаларини кафолатли харид қилишни ташкил этиш топширилди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилиш якунлари бўйича Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар беради.

1 июлга қадар талаб юқори бўлган 120 турдаги дори воситаларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 3 йил муддатга кафолатли харид қилиш бўйича шартномалар тузилади. Ҳозирги кунда ушбу дорилар 300 млн. долларга четдан олиб келинмоқда.

Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликларига онкология, гематология, эндокринология ва вирусли касалликлар учун дорилар нархини арзонлаштириш вазифаси қўйилди.

Ўзбекистонда ҳар йили умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик фармацевтика маҳсулотлари истеъмол қилинади, бунинг катта қисми, яъни қарийб 1,2 миллиард доллари импорт қилинади, гарчи сотиб олинаётган 647 турдаги дори воситалари ва тиббиёт буюмлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилсада.

Президент маҳсулотлар ҳажмидан норозилигини билдирди. Масалан, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Бухоро ва Фарғона вилоятларидаги фармацевтика корхоналари ўз маҳсулотлари билан ҳудудий истеъмолнинг атиги 2-5 фоизини таъминламоқда.

Ўзбекистоннинг янги ривожланиш стратегиясига кўра, 2026 йилга бориб мамлакатда дори воситалари ишлаб чиқариш 3 баробар кўпайиши керак. «Аммо жойлардаги бугунги аҳволни ҳисобга олсак, бу мақсадларга эришиб бўлмайди», — деди Мирзиёев.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида (ФТРА) лойиҳалар билан ишлаш тизимини янгидан қилиш вазифаси қўйилди. Давлат раҳбари уларни Ҳиндистон, Германия, Туркия, Хитой, Жанубий Корея каби давлатлар компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этиш бўйича тавсиялар берди. Янги лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда айланма маблағлар учун 200 миллион доллар кредит ресурслари жалб қилинадиган бўлди.

Йиғилишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунгача дори ва тиббий воситалар ишлаб чиқариш учун қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган хомашёлар рўйхати бешта идора томонидан тасдиқланар эди. Эндиликда бу рўйхат учта – Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Божхона қўмитаси ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан тасдиқланиши белгиланди.

➡️ маҳаллий корхоналарнинг «GMP» сертификатини олиш билан боғлиқ харажатлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади. Корхоналарни модернизация қилишни молиялаштириш Тўғридан-тўғридан инвестициялар жамғармаси иштирокида амалга оширилади.

➡️ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар ҳокимларига 80 та туманни доривор ўсимликлар етиштиришга ихтисослаштириш ва тегишли плантациялар яратиш, майдонларни 12,5 баробарга: 600 гектардан 7,5 минг гектарга кўпайтириш топширилди.

➡️ Плантацияларни сув билан таъминлаш учун ҳар 10 гектар учун 600 минг сўм (53 АҚШ доллари) миқдорида субсидиялар ажратилади. Доривор ўсимликлар плантацияларида бошқа экинларни экишга рухсат этилмайди.

➡️ Ҳудудларда доривор ўсимликлар кластерларини ташкил этиш, маҳаллий олий ўқув юртларида фармацевтика факультетларини очиш режалаштирилган.

➡️ Кооперативлар ва оилавий тадбиркорлик субектлари учун кўзда тутилган барча имтиёзлар ва молиялаштириш механизмлари доривор ўсимликларга ҳам тегишли бўлади.

➡️ Доривор ўсимликларни қайта ишлаш билан шуғулланувчи корхоналар 2025 йил 1 январга қадар хомашё, асбоб-ускуналар ва эҳтиёт қисмларни олиб киришда божхона тўловларидан озод қилинади. Тайёр маҳсулотни экспорт қилишда уларнинг транспорт харажатларининг 50 фоизигача компенсация тўланади.

Аввалроқ хабар қилинганидек, 2022-2026 йилларда Ўзбекистон ҳукумати фармацевтика саноатида умумий қиймати 1,25 миллиард доллар бўлган 104 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда, бу эса ички бозорни таъминлаш кўрсаткичини жорий 55 фоиздан 80 фоизгача кўпайтириш имконини беради.

Ўзбекистонда 2017 йили фармацевтикага ихтисослашган эркин иқтисодий зоналар ташкил этила бошланди. Улар Нукус (Қорақалпоғистон), Зомин (Жиззах вилояти), Косонсой (Наманган вилояти), Сирдарё (Сирдарё вилояти), Бойсун (Сурхондарё вилояти), Бўстонлиқ ва Паркент вилоятларида (Тошкент вилояти) жойлашган. Бундай ЭИЗлар ташкил этилгач, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми қарийб икки баробарга ошди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ