Ўзбекистон Марказий банки мижозларнинг розилигисиз карталаридан пул ечиб олгани учун хусусий банкни жазолади

Bankers.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Марказий банки (МБ) фуқароларнинг карталаридан уларнинг розилигисиз пул ечиб олиш ҳолатлари содир бўлаётгани тўғрисида хабар берди.

Банк хизматлари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига тегишли мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатлар ўрганилганда кафил ёки биргаликда қарз олувчи ҳисобланмаган фуқароларнинг банк карталари қонун ҳужжатларига риоя қилинмаган ҳолда уларнинг розилигисиз тижорат банки томонидан жисмоний шахсларга ажратилган кредит қарздорлигини сўндириш учун бириктирилиб, маблағлар ечиб олиш амалиёти йўлга қўйилганлиги аниқланган.

Жумладан, хусусий «Даврбанк» да шундай ҳуқуқбузарликка йўл қўйилгани аниқланган.Регулятор уни жаримага тортди ва ноқонуний равишда ушлаб қолинган пулларни мижозларга қайтаришни буюрди.

Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати банкларни кредит қарзларини учинчи шахслар ҳисобидан ҳисоб-китоб қилишда қонунчилик талабларига риоя қилишга чақирди. Шунингдек, кредит ташкилотларига «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 57-моддасида мижозларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини бузганлик учун – банк лицензияси бекор қилишга қадар жавобгарлик назарда тутилгани эслатилди.

Бундай қоидабузарликлар аниқланган тақдирда Марказий банк мижозлардан банк хизматлари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига ёзма шаклда ёки 71-212-60-15, 71-212-73-80, 71-212-60-94 телефон рақамлари орқали мурожаат қилишларини сўрайди.

Қўшимча қилиш лозим, март ҳолатига кўра, «Даврбанк» томонидан 2,21 триллион сўм (1,8 миллиард доллар) миқдорида кредитлар берилган, шундан атиги 12 миллиард сўми (0,5 фоиз) муаммоли ҳисобланади. Октябрь ойи бошида бу кўрсаткич 28 миллиард сўмга (1,5 фоиз) етган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ