Март ойида Ўзбекистондаги меҳмонхоналарнинг тўртдан бирини россияликлар банд қилган

Orexсa.com сайти фотосурати

Март ойида Ўзбекистондаги меҳмонхоналар ва бошқа турар-жой биноларида истиқомат қилган хорижликлар орасида энг кўп Россия фуқаролари бўлган — улар меҳмонлар сонининг 23,4 фоизини ташкил этган. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Март ойида меҳмонхоналарда жами 72 минг чет эл фуқароси яшаган. Жумладан, Қозоғистон (18,9%), Тожикистон (14,4%), Туркия (7,7%), Қирғизистон (6,3%), Беларус (4,6%), Хитой (3,2%), Франция (1,7%) каби давлатлардан келган меҳмонлар.

Пандемиядан олдинги даврда – 2019 йилнинг март ойида 68,8 минг хорижий меҳмон рўйхатга олинган. Ўшанда Россия фуқаролари 16,8%, Қозоғистон 15%, Тожикистон 6,3%, Хитой 6,1%, Афғонистон 5,7%, Туркия 5,5%ни ташкил этганди.

Сўнгги 4 йил ичида Ўзбекистонда 833 та янги отел ва меҳмонхоналар очилди. Турар жойнинг умумий сони 1442 тага, хоналар сони 33,4 мингтага, ўринлар сони 71,2 минг ўринга етган.

«Айни пайтда Ўзбекистон чет эл сайёҳлари учун тўлиқ очиқ. Бу борада барча чекловлар олиб ташланди. Ўзбекистонда туризм соҳасининг жадал тикланишида ижобий тенденциялар кузатилмоқда ва юқоридаги рақамлар

2022 йил охирига келиб 4,5 миллион нафаргача хорижий сайёҳлар мамлакатимизга кириб келишини кўрсатмоқда», — дейилади Туризм вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистонда туризм индустриясининг тикланишига ҳукумат томонидан ички туризмни қўллаб-қувватлаш ҳам таъсир кўрсатди. Мамлакатда «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат кил» дастури мавжуд. У ишга туширилгандан сўнг, мамлакатда ички саёҳатларнинг умумий сони 2016 йилдаги 8,8 миллиондан 2019 йилда 14,7 миллионга кўтарилиб, 2021 йилда эса 15 миллионга етди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ