Ўзбекистонлик дзюдочи Элбек Абдуллаев допинг қабул қилгани учун тўрт йилга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Миллий антидопинг агентлигининг расмий сайти хабар берди.
Допинг-тест 2021 йил декабрь ойида дзюдо бўйича Ўзбекистон чемпионати вақтида ўтказилган ва ўшанда спортчи 100 килограммдан ортиқ вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритган эди. Спортчи тестларида Бутунжаҳон антидопинг агентлиги томонидан тақиқланган тестостерон, анастрозол, болденон ва оксандролон топилган.
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ҳузуридаги Этика комиссияси Элбек Абдуллаевни 4 йилга: 2022 йил 3 мартдан 2026 йил 2 мартигача дисквалификация қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Қайд этилишича, дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг камида тўрт нафар аъзосида допинг аниқланган. Бошқа қоидабузарларга нисбатан қандай чоралар кўрилгани айтилмаган.
Ўзбекистонлик спортчиларнинг допингдан фойдаланишини оммавий ҳодиса деб бўлмайди, зеро улар 2017 йили ҳатто дунёдаги энг тоза деб эътироф этилди. Мирзиёев 2018 йил январь ойида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Допингга қарши миллий агентликни ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.
Таъкидлаш жоиз, ўзбекистонлик спортчилар баъзида тақиқланган препаратларни истеъмол қилган ҳолда қўлга тушиб туради. Масалан, оғир атлетикачи, Олимпиада чемпиони Руслан Нурудинов 2018 йил декабрида допинг қабул қилганликда айбланган, яна бир оғир атлетикачи Рустам Жангабоев 2019 йил апрелида ўсиш гормони қўллагани учун дисквалификация қилинган эди. Ўзбекистон футбол терма жамоасининг собиқ дарвозабони Игнатий Нестеров ҳам тақиқланган моддаларни истеъмол қилганликда айбланган эди.