Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб барча турдаги давлат пенсиялари, нафақалар, компенсациялар ва моддий ёрдамни банк карталари орқали олувчиларга ҳар ойлик пенсия ва нафақа пулининг 1 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинади. Бу Президентнинг 7 апрелдаги қарорида кўзда тутилган.
1 майдан бошлаб «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га киритилган фуқароларга ва оилаларга тегишли жамғармалар маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган моддий ёрдамлар, меҳнат органлари томонидан тўланадиган ишсизлик нафақаси ва стипендиялар ҳамда жазони ўтаб озодликка чиққан фуқароларга тўланадиган моддий ёрдам пуллари ҳар ойнинг 5-санасига қадар молиялаштирилади. Пенсия ва нафақалар билан бир вақтда АТ «Халқ банки»нинг сайёр кассалари томонидан маҳаллаларга етказилади.
Ҳужжатда, шунингдек АТ «Халқ банки»нинг сайёр кассалари томонидан пенсия ва нафақалар ҳамда моддий ёрдам пулларини фуқароларга нақд пулда етказиб бериш хизматлари учун 1 фоиз миқдорда банкка хизмат ҳақи тўлаб берилиши таъкидланган.
Бу тўлов кимдан ундирилгани қарорда кўрсатилмаган. Натижада одамлар пенсия ва нафақа олувчилардан 1 фоиз ушлаб қолинади, деган хулосага келишди. Молия вазирлиги брифинг ўтказиб, унда бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси раҳбари Аброр Холматов нафақа олувчилар ҳеч нарса тўламаслигини, бундай харажатларни давлат бюджети ва пенсия жамғармаси ҳисобидан қоплашга қарор қилинганини тушунтирди.
Президент «Халқ банки»га Марказий банк билан биргаликда аҳолини банкоматлар билан қамраб олиш даражасини ошириш мақсадида 2022 йилнинг 1 октябрига қадар хориждан 1 800 та банкомат олиб келиб барча ҳудудларга ўрнатиш бўйича топшириқ берди. Йил охиригача банк аҳолига ўз маблағларини масофадан бошқариш ва Адлия вазирлиги хизматларидан фойдаланиш имконини берувчи янги мобил иловани ишлаб чиқиши керак.
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йил август ҳолатига кўра республикада 4 миллион киши пенсия ва нафақа олади. 1 апрелдан бошлаб уларнинг кўпчилиги санаторийда бепул дам олиш, дори-дармон харажатларининг қопланиши, спорт залидан фойдаланиш, музейларга бепул саёҳат қилиш ва бошқа бир қатор янги имтиёзлардан фойдаланиши мумкин.