Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 1 турида Эроннинг «Сепахон» жамоасига 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу ҳақда Soccerway хабар беради.
Учрашувнинг дастлабки дақиқаларида устунлик «Сепахон»да бўлди, у бир неча марта ўта хавфли ҳужумларни амалга оширди, аммо тошкентликлар дарвозабони Элдор Суюнов ишончли ҳаракат қилди. Учрашувда ҳисоб «Пахтакор» томонидан очилди. 28 дақиқада Хожимат Эркиновнинг узатмасидан Драган Черан гол урди. Эронлик футболчилар Суюнов дарвозасига босим ўтказишда давом этишди ва гол уриш учун яна бир неча имкониятларга эга бўлишди, аммо тошкентликларнинг дарвозаси танаффусга қадар дахлсизлигича қолди.
Иккинчи бўлимда «Пахтакор»нинг омади тугади. 49 дақиқада Шаҳриёр Муганлу бурчак тўпидан сўнг ҳисобни тенглаштирди. Орадан 5 дақиқа ўтгач, Муганлу тошкентликлар ҳимоясида йўл қўйилган хатодан унумли фойдаланиб, дубль қайд этди. Учрашувнинг 70-дақиқасида учинчи тўп Суюнов дарвозасига тегди. Гол Сейид Ҳусайни томонидан киритилди. Учрашув охирларида Черан орадаги фарқни йўқотиши мумкин эди, аммо унинг зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтди.
«Ўйинни иккига бўлган бўлардим. Биринчи бўлимда ўйинни назорат қилдик, гол урдик, яхши ҳаракатландик. Бироқ иккинчи бўлимда стандарт ҳолатлардан кейин икки марта қўпол хато қилдик ва ҳисобда ортда қола бошладик. Кейин олдинга ташланиб, учинчи голни ўтказдик. Руҳий ва жисмоний тайёргарлик ёнма-ён юради. Хатоларни эътиборни йўқотганимиз билан изоҳлаган бўлардим. Бу бизга қимматга тушди. Йигитлар охиригача курашишди, бунинг учун уларга раҳмат», — дея «Пахтакор» бош мураббийи Славче Войнескининг сўзларини келтиради Championat.Asia.
«D» гуруҳидаги яна бир учрашувда Қатарнинг “Аш-Шорта” ва Саудиянинг «Ат-Таъвун» клублари тўқнаш келишади. Учрашув 8 апрель куни бўлиб ўтади. Шунингдек, 8 апрель куни Чемпионлар лигасидаги дебют учрашувларини Қаршининг «Насаф» клуби Қатарнинг «Ас-Садд» жамоаси билан, Душанбенинг «Истиқлол» клуби Қатарнинг «Ар-Раян» жамоаси билан ва Ашхободнинг «Ахал» клуби БААнинг «Ал-Аҳли» жамоаси билан ўтказади.
Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи Саудия Арабистони ва Таиландда марказлашган форматда ўтказилади.