Тошкентнинг Янги Ўзбекистон кўчасида 14 минг иш ўрни яратилади

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Тошкент шаҳридаги Янги Ўзбекистон кўчаси реконструкция қилиниши натижасида 14 минг иш ўрни яратилиши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Бундан аввал давлат раҳбарига Тошкент ва Самарқандда амалга оширилаётган бир қатор қурилиш лойиҳалари тақдим этилди. Ўтган йил 31 август куни очилган «Янги Ўзбекистон» истироҳат боғига олиб борувчи кўча лойиҳаси биринчи бўлиб тақдим этилганди. Илгари бу ҳудуд Қибрай туманига қарашли бўлган бўлса, пойтахт ва вилоят алмашинувидан сўнг ернинг бир қисми Тошкентнинг Яшнобод тумани таркибига ўтди.

«Янги Ўзбекистон кўчаси пойтахтимизнинг муҳим йўлларидан бирига айланиб бормоқда», – дея таъкидлайди президент матбуот хизмати. Охирги йилларда у ерда янги боғ, кўприк, университет барпо этилди. Энди бу кўча бўйида 610 гектар майдонда уй-жойлар, меҳмонхоналар, кинотеатр, ресторанлардан иборат замонавий мажмуалар қуриш режалаштирилган. Бу ерда пиёдалар ва велосипед йўлаклари, ер ости ва ер усти ўтиш жойлари жиҳозланган.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тақдим этган лойиҳага кўра, бинолар тўрт қаватли бўлади. Биринчи қаватда савдо ва хизмат кўрсатиш муассасалари фаолият юритади. Юқори қаватларда хонадонлар ёки меҳмонхоналар бўлади. Кўча бўйида пиёда ва велосипед йўлаклари, ерости ва ерусти йўллари барпо этилади. Ҳисоб-китобларга кўра, биноларда 1 миллион 700 минг квадрат метр савдо ва хизмат кўрсатиш майдони бўлади. Бунинг негизида 14 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилади.

Сўнгра Шавкат Мирзиёевга «Тошкент-Шарқий» аэропорти инфратузилмасини ривожлантириш, маҳалла марказлари, Олимпия қишлоғи барпо этиш, кўтарилган метрополитен остидаги фойдаланилмаётган ҳудудларда янги хизмат кўрсатиш ва савдо объектларини ташкил этиш лойиҳалари тақдим этилди.

Якунда президентга Самарқанд сайёҳлик маркази – Samarkand Touristic Centreни барпо этиш бўйича ишларнинг бориши ҳақида маълумот берилди (тафсилотлари келтирилмаган).

Самарқанддаги сайёҳлик маркази учун эшкак эшиш канали бўйида 212 гектар ер ажратилгани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди. Бу ҳудудда New Renaissance конгресс-холл, меҳмонхоналар, ресторанлар, курорт зонаси, савдо марказлари, амфитеатр ва бошқа иншоотлар барпо этилмоқда. Марказни 2022 йилнинг биринчи чорагида очиш режалаштирилган.

«Барча бунёдкорлик ишларини умумий бир жиҳат — иш ўринлари ташкил этиш мақсади бирлаштириб туради. Чунки бу иншоотларни қуриш ҳамда кейинчалик ишлатиш жараёнида минглаб ватандошлармиз иш билан таъминланади», — дея таъкидлайди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ