Россия Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) Афғонистон элчихонасига Жамол Носир Гарвални Афғонистоннинг Москвадаги вақтинча ишончли вакили сифатида тан олиши тўғрисида нота юборди. Бу ҳақда 6 апрель куни брифингда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова маълум қилди, дея хабар беради ТАСС.
«Бугун Россия Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон элчихонасига ушбу афғон дипломатининг Афғонистоннинг Москвадаги муваққат ишлар вакили сифатидаги мақомини расман тан олиш тўғрисида нота юборди. Биз буни тўлақонли икки томонлама дипломатик алоқаларни қайта тиклаш йўлидаги қадам деб баҳолаймиз», — деди Захарова.
Унинг таъкидлашича, Кобулда ҳокимият алмашганидан кейин ҳам икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар тўхтамаган. «Биз толиблар ҳаракати билан ҳокимият алмашишдан олдин ҳам алоқада бўлганмиз. Россиянинг Афғонистондаги элчихонаси одатдагидек ишлашда давом этмоқда. Афғонистоннинг Москвадаги дипломатик миссияси ходимларига келсак, улар аввалги ҳукумат томонидан тайинланган эди», — деб тушунтирди Захарова.
Ўтган йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан Москвага юборилган биринчи дипломат Гарвалнинг Россия Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитация олганига изоҳ берар экан, Захарова «Афғонистондаги толиблар режимини расмий тан олиш ҳақида гапиришга ҳали эрта» деб таъкидлади.
Россия ТИВ расмий вакилининг қўшимча қилишича, Гарвал февраль ойида Москвага келган ва март ойида аккредитация олган. Март ойи охирида Афғонистон дипломатик департаменти россиялик ҳамкасбларига Афғонистоннинг собиқ ҳукумати томонидан тайинланган Афғонистоннинг Москвадаги элчиси Саид Тойиб Жаваднинг ишдан бўшатилгани ва Гарвалнинг Афғонистоннинг Москвадаги муваққат ишончли вакили этиб тайинлангани маълум қилди.
Қўшимча қилиб ўтамиз, ағдарилган Афғонистон ҳукумати томонидан тайинланган элчи ўрнига толиблар вакили аккредитация қилинган биринчи постсовет давлати Туркманистон бўлган. «Фарғона» 17 март куни Ашхободда радикал ҳаракат томонидан тайинланган Афғонистон элчиси Фозил-Муҳаммад Собирнинг мансабга ўтиш маросими бўлиб ўтганини хабар берганди. Бундан ташқари, шу кунгача толиблар вакиллари Афғонистоннинг Хитой ва Покистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари этиб тайинланган.
2021 йил августида НАТО қўшинлари мамлакатдан чиқиб кетиши даврида «Толибон» ҳаракати ҳокимятни қўлга киритди. Собиқ президент Ашраф Ғани хорижга қочиб кетди. Сентябрь ойида толиблар Афғонистон муваққат ҳукумати таркибини эълон қилди, у асосан ҳаракат вакиллари ва этник пуштунлардан ташкил топди. Шу кунгача «Толибон» тузган ҳукуматни дунёнинг ҳеч бир давлати тан олмаган. Халқаро ҳамжамият ҳукумат таркибига мамлакатдаги турли сиёсий ва этник гуруҳлар вакилларини киритишни талаб қилмоқда. Бундан ташқари, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ўқиши ва ишлашини кафолатлаш, террористик гуруҳлар билан алоқа қилишдан бош тортиш янги ҳукуматни тан олиш йўлидаги мажбурий шартлар ҳисобланади. Шу билан бирга, «Толибон»нинг ўзи ҳамон кўплаб мамлакатларда террорчи ташкилотлар рўйхатида турибди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).