Ўзбекистон Президенти «Ташқи савдо фаолияти иштирокчиларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Ҳужжатга мувофиқ, жорий йилнинг 1 апрелидан 2023 йилнинг 1 апрелигача:
👉маҳаллий корхоналар (уларнинг ваколатли вакиллари)га Европа Иттифоқи давлатларига юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларини 70 фоизгача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади;
👉 қўшни давлатларга экспорт қилинган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларини 50 фоизгача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади;
👉 мувофиқликни баҳолаш органларини халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзоси ҳисобланган аккредитация идораси томонидан аккредитациядан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади;
👉 тадбиркорлик субъектлари томонидан товарлар (махсус турдаги товарлардан ташқари), ишлар ва хизматлар экспортини шартнома тузмасдан ҳисобварақ-фактуралар (инвойслар) асосида амалга оширишда талаб этиладиган олдиндан тўлов миқдори 100 фоиздан 50 фоизга камайтирилади.
Бош вазир ўринбосари, ИТСВ раҳбари Сардор Умурзоқов бошчилигидаги Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига маҳаллий экспортчи корхоналарнинг мурожаатларига асосан экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитларни қайтариш муддатини яна олти ойгача узайтириш ваколати берилади.
Бунда, ушбу кредитларни қайтариш муддатининг ўзгартирилиши Марказий банк томонидан кредит шартлари қайта кўриб чиқилган активлар сифатида ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилади.
Ҳукумат комиссияси қарорларига асосан, Ёшлар тадбиркорлигини янада қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, инновацион технологияларга асосланган экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш фаолиятини рағбатлантириш мақсадида Ҳукумат комиссиясининг қарорига асосан Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан уларга 500 минг АҚШ долларигача кредитлар ажратишга рухсат берилади.
«Божхона омбори» режимида олти ойдан кўп бўлган товарларнинг божхона расмийлаштирувида божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллашни тақиқловчи тартиб бекор қилинади.
«Ўзтрейд» ва «Ўзсаноатэкспорт» акциядорлик жамиятларига ташқи савдо компанияларини айланма маблағлар билан таъминлаш мақсадида Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 10 миллион АҚШ доллар маблағ ажратилади.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тайёр маҳсулотлар экспортини рағбатлантириш, импорт контрактлари нархини сунъий равишда ошириш ҳолатлари, сифатсиз маҳсулотларнинг ички бозорга кириб келиши ва контрабанда ҳолатларининг олдини олиш чораларини кўриш топширилди.
Аввалроқ, ҳукуматнинг Россия, Украина ва Беларус билан ишлаётган ўзбек компанияларини бир қатор жазолардан озод қилиш режалари ҳақида хабар берилган эди. Улардан жорий йил охиригача дебиторлик қарзлари бўйича жарима ундирилмайди, банк кредитлари бўйича тўлов муддатлари оширилади, жарима ва пеня ундирилмайди.
Мирзиёев Навоий, Самарқанд, Тошкент вилоятларида 1 июлга қадар, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида эса 1 сентябрга қадар қўшни давлатлар бозорларига маҳсулот етказиб берадиган улгуржи савдо зоналарини ташкил этиш бўйича топшириқ берди.