Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа бошланганини эълон қилди. Ушбу янги тизим доирасида келгуси 3-4 йилда мактаблардаги барча синф ўқитувчилари янги методика асосида ўқитилади. Бу мақсадлар учун қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилади, деди давлат раҳбари 5 апрель куни халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигининг таҳлили юзасидан видеоселектор йиғилишида, деб хабар қилади президент матбуот хизмати.
Мирзиёевга кўра, президент мактаблари, ихтисослашган ва хусусий мактабларда илғор методикалар йўлга қўйилган. Лекин қолган мактабларнинг энг катта муаммоси бу – ўқитиш методикасининг эскирганлиги. Қорақалпоғистон, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида мактабларни компьютер техникаси билан таъминлаш учун маблағ ажратилаётганига қарамай, бу борадаги ишлар суст давом этмоқда.
Республикадаги 852 та мактабда таълим сифати, педагог кадрлар салоҳияти ва битирувчиларни олий ўқув юртларига қабул қилиш бўйича ўта паст кўрсаткичлар мавжудлиги аниқланган. 120 та мактабда ўқувчилар сони сиғимдан анча юқори. Таълим даражаси паст вилоятлар ҳокимлари огоҳлантириш олдилар.
Янги методикаларга ўқитиш тизими Миллий таълим маркази ва Тошкент давлат педагогика университетидан бошланади. Университет Халқ таълими вазирлиги таркибига ўтказилади, мактаб ўқитувчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича республикадаги таянч муассасага айлантирилади.
Ўқитувчиларни қайта тайёрлаш учун ҳар бир ҳудудда ўқитишнинг янги методикани ўргатиш миллий марказлари ташкил этилади. Ишга аниқ ва табиий фанлар соҳасидаги малакали хорижий мутахассислар жалб этилади. Ҳар бир вилоят кесимида «тренерлар гуруҳи» шакллантирилиб, улар жойларда мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириб боради. Уларнинг ойлик иш ҳақига 100 фоизгача устамалар тўланади.
Жорий йил охирига қадар ҳокимликлар Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда ҳар бир туман ва шаҳардаги мактабларнинг камида 20 фоизида илғор усулларни жорий этишни бошлайди. Янги ўқув йилидан мактаб директорларини аттестациядан ўтказиш тизими жорий этилади, бу тизим орқали таълим муассасаси раҳбари лавозимига номзодлар ўтади.
Йиғилишда келгуси ўқув йили бошига қадар Ўзбекистонда 960 мактаб компьютер синфлари билан таъминланиши, 740 таси эса қайта жиҳозланиши таъкидланди. 5000 дан ортиқ компьютер синфларини янгилаш учун алоҳида дастур қабул қилиш режалаштирилмоқда.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига мактаблар учун алоҳида имтиёзли тарифлар очиш, ўқувчи сонига қараб, мактабларда интернет тезлигини секундига 100 Мегабитгача кўпайтириш вазифаси қўйилди.
Шавкат Мирзиёев табиий ва аниқ фанларни ўқитишни ривожлантириш кераклигини айтди. Шунга мувофиқ, 193 та таълим муассасаси негизида табиий ва аниқ фанларга ихтисослашган мактаблар ташкил этиш режалаштирилган.