Ўзбекистонда 1 декабрдан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун ҳайдовчиларга жарима баллларини ҳисоблаш тизими жорий этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 4 апрель куни фармойиш имзолади.
Шундай қилиб, ҳукумат ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя қилишига эришиш ва уларни такроран бузиш ҳолатларининг олдини олишни режалаштирмоқда.
Ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун 12 ой давомида алоҳида жарима баллари ҳисоблаб борилади. Ҳисобланган жарима баллари белгиланган миқдордан ошган ҳолларда ҳайдовчи маълум муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан ўрнатилган тартибда маҳрум қилинади;
«Масалан, ҳайдовчи белгиланган тезликдан ошиб кетса, 1 балл, қизил чироқ ўтиб кетса, 3 балл. Йил давомида қоидабузарликларнинг умумий сони 12 баллдан ошса, ҳайдовчи автомашинани бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади», — дея тушунтирганди президент февраль ойида жарима тизими жорий этилиши борасида.
Баллар ҳисобланишида ҳайдовчининг маълум вақтдаги хатти-ҳаракатлари ҳисобга олинади. Агар бу вақт давомида у йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган бўлса, келажакда унга бериладиган баллар сони камаяди.
Мирзиёев томонидан имзоланган «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда ҳам йўл ҳаракати ташкил этилишини тўлиқ рақамлаштириш зарурлиги ҳақида сўз боради. Маҳаллий мутасаддиларига икки ой муддатда чорраҳаларни рақамли назорат қилиш тизимини жорий этиш, шу жумладан давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида инвесторларни жалб қилиш чора-тадбирларини белгилаш топширилди.
2023 йил охирига қадар Тошкент шаҳридаги барча чорраҳаларда, шунингдек, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларининг автотранспорт ҳаракати кучли асосий йирик чорраҳаларида рақамли бошқарув тизими жорий этилиши керак. 2024 йил охиригача – Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларининг барча чорраҳаларида.
Туман (шаҳар) ҳокимликларига ўз ҳудудларидаги автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади. Мазкур дастурий-техник воситалар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун жарима суммасининг 30 фоизи бевосита туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига йўналтирилади ҳамда ушбу маблағлар йўл ҳаракатини рақамлаштириш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, йўл-патруль хизмати ходимларининг қўшимча штатларини киритишга сарфланади.
Йўл ҳаракатини ташкил этиш соҳасида ундирилган жарима, йиғим ва йиғимларнинг бир қисми 5 апрелда ташкил этилган Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳузуридаги «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» Республика жамғармасига юборилади. Жамғарма бошқа манбалар ҳисобидан ҳам тўлдирилади. Унинг маблағларини фақат йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини ташкил этишга мақсадли сарфлаш режалаштирилган.
Ўзбекистонда 1 июлдан республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳри кесимида «Хавфсиз йўл» индексини юритиш амалиёти жорий этилади.
Индекс доирасида йўл инфратузилмаси ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинишининг ҳолати махсус комиссиялар томонидан 29 та индикатор бўйича ҳар чорак якунида баҳолаб борилади, туман (шаҳар)лар индекс кўрсаткичлари асосида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини ташкил этишнинг ҳолати бўйича «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилади.
2021 йили Ўзбекистонда 7,7 миллионта йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолати қайд этилган. Йўл-транспорт ҳодисаларининг 45 фоизи — ҳайдовчиларнинг белгиланган қоидаларга эътиборсизлиги, 10 фоизи – тажрибасизлиги, 25 фоизи – йўллар ва инфратузилмаларнинг ҳолати талабларга жавоб бермаслиги, 20 фоизи – пиёдалар томонидан қоидаларга риоя қилмаслик оқибатида юз берган.