«Аёллар дафтарига» киритилган хотин-қизлар махсус жамғарма ҳисобидан қўллаб-қувватланади

Opendemocracy.net сайти фотосурати

Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш мақсадида туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан «Аёллар дафтари» рўйхатига киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилинади. Ҳокимликлар маҳаллий бюджетнинг ортиқча даромадларининг (профицит) камида 15 фоизини ушбу жамғармага йўналтиради. Вазирлар Маҳкамасининг «Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида мана шу ҳақда сўз юритилади, деб хабар беради Газета.uz.

Ҳужжат «Аёллар дафтари» рўйхатини шакллантириш, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини молиялаштириш ва ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилишини назорат қилиш тўғрисидаги низомни тасдиқлайди.

Жумладан, «Аёллар дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан эҳтиёжманд хотин-қизларнинг уй-жойларини таъмирлаш учун 30 тагача базавий ҳисоблаш миқдорида маблағ ажратиш кўзда тутилган (битта БҲМ 270 000 сўмга тенг). Қарор билан «Аёллар дафтари» рўйхатига киритилган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган (қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандлари ёшидан қатъи назар) фарзандларига даволаш, дори воситалари олиб бериш ёки мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун харажатлар қоплаб бериш тартиби тасдиқланган. Харажатлар «Аёллар дафтари» жамғармаси ва Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

Жамғарма маблағларини шакллантирилиш ва уларнинг сарфланиши устидан назорат Молия вазирлиги ҳузуридаги Молиявий назорат давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 июлга қадар “Аёллар дафтари” билан ишлаш электрон тизимини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш топширилган.

«Аёллар дафтари» тўғрисидаги низомга кўра, ушбу рўйхатга 30 ёшдан ошган аёлларнинг 6 тоифаси киритилиши мумкин:

✅ ишламоқчи бўлган, даромад манбаларига эга бўлмаган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз аёллар;

✅ тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган муҳтож аёллар;

✅ боқувчисиз қолган муҳтож аёллар;

✅ ижтимоий ёрдам ва шошилинч тиббий муолажаларга муҳтож I ёки II гуруҳ ногирони аёллар;

✅ уй-жойга муҳтож аёллар (доимий уй-жойи бўлмаган, кичик ҳовлили уйда уч ва ундан ортиқ оила яшовчи ва ҳ.к.);

✅ I гуруҳ ногирон боласи бўлган муҳтож аёллар.

Президент Шавкат Мирзиёев 1 март куни бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида шу пайтгача ҳокимият ва жамоатчилик кам таъминланган ва муҳтож аёлларни қамраб олган «Аёллар дафтари»даги хотин-қизлар муаммоларини ҳал эта олмаганини афсус билан тилга олди. Унинг сўзларига кўра, ушбу рўйхатда 630 мингдан ортиқ хотин-қизлар рўйхатга олинган, шундан 200 минг нафари ишсиз. Ўшанда, Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги икки бошқармага – Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасига айлантирилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ