Покистонда Бош вазир Имрон Хон лавозимидан четлатилди, Вазирлар Маҳкамаси ва Парламент тарқатиб юборилди

Имрон Хон. Ижтимоий тармоқ фотосурати

Покистон Бош вазири Имрон Хон ўз лавозимидан четлатилди. Бу президент Ариф Алви томонидан 3 апрель куни спикернинг Хон ҳукуматига ишончсизлик вотумини овозга қўйишни рад этганидан сўнг Миллий ассамблея (парламент қуйи палатаси) тарқатиб юборилганидан сўнг содир бўлди, деб хабар беради The Express Tribune Вазирлар Маҳкамасига таянган ҳолда.

Покистон конституциясига кўра, Хон муваққат Бош вазир тайинланмагунча ўз фаолиятини давом эттиради. Шунингдек, 52 нафар аъзо, Бош вазир маслаҳатчилари ва ёрдамчиларидан иборат вазирлар маҳкамаси ҳам истеъфога чиқарилди.

Сенатор Файсал Жавед Хон яқин кунларда муваққат ҳукумат тузилишини айтди. Покистонда навбатдан ташқари парламент сайловлари қонунга кўра 90 кундан кейин ўтказилиши керак.

Маълум бўлишича, Имрон Хоннинг ўзи мамлакатдаги сиёсий инқироз фонида парламентни тарқатиб юбориш ва истеъфога чиқиш ташаббуси билан чиққан. Бир ҳафта аввал Покистонда ҳукмрон «Теҳрики Инсаф» («Адолат учун ҳаракат») партияси коалициядаги асосий ҳамкори Муттаҳид Қаумий ҳаракатининг қўллаб-қувватлашидан маҳрум бўлди ва шу тариқа парламентда кўпчиликни йўқотди. Агар ишончсизлик вотуми ўтказилганда, Хон барибир ўз лавозимини йўқотган бўларди. Мухолифат Бош вазирни иқтисодиётни самарасиз бошқаришда, хусусан, назоратсиз инфляция ва коррупцияда айблади.

Имрон Хон, ўз навбатида, ҳокимиятдан четлатишга уринишлар унинг Хитой ва Россия билан яхши муносабатларини ёқтирмайдиган хорижий давлатлар, хусусан, АҚШнинг аралашуви билан мухолифат томонидан амалга оширилганини айтди. Вашингтон бу айбловларни рад этди.

69 ёшли собиқ спортчи ва профессионал крикетчи Имрон Хон 2018 йил августидан бери Покистон Бош вазири лавозимида ишлаб келаётган эди. У 1996 йили «Теҳрики Инсаф» партиясини тузгач, республикада энг машҳур сиёсатчилардан бирига айланди.

Эслатиб ўтамиз, Покистон ҳукумати, жумладан мамлакатнинг ҳарбий раҳбарияти 2021 йил августида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган «Толибон»* ҳаракатини қўллаб-қувватлагани билан танилган. Шу билан бирга, Покистон расмийлари ўз толиблари ҳаракати — мамлакат ҳукуматини «ғарбпараст» деб ҳисоблайдиган , ҳарбийлар ва давлат хизматчиларига мунтазам ҳужум қиладиган «Теҳрики Толибон Покистон»* террорчи ташкилоти зарбаларига дуч келмоқда.

*РФ ва кўплаб давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ