Афғонистонда икки йил олдин ўғирлаб кетилган америкалик толиблардан озод этилишларини сўради

Марк Фрерихс. The New Yorkerчоп этган видеомурожаатдан кадр

The New Yorker газетаси икки йил аввал Афғонистонда ўғирлаб кетилган АҚШ фуқароси Марк Фрерихснинг видеомурожаатини эълон қилди. Унда Фрерихс Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати раҳбариятига озод этишларини сўраб мурожаат қилган.

59 ёшли муҳандис Фрерихс 2020 йил январь ойи охирида Кобулда ўғирлаб кетилган ва у «Толибон» ҳаракати бўлинмаси «Ҳаққоний тармоғи» томонидан ҳибсга олинган.

«Мен озод бўлишимни сабр билан кутдим», — дейди Фреричс қисқа видеода. У ушбу ёзув 2021 йил 28 ноябрда ёзиб олинаётганини айтади.

«Мен Афғонистон Ислом Амирлиги** раҳбариятидан қўйиб юборишларини илтимос қиламан»,— дейди у.

The New Yorker мақоласида айтилишича, видео «Афғонистондаги номаълум шахсдан» олинган.

Фрерихснинг синглиси Шарлин Какоранинг айтишича, унинг оиласи «Маркнинг ҳаёт эканини исботловчи видеони тақдим этгани учун толиблардан миннатдордир».

«Бу унинг икки йилдан ортиқ асирликдан сўнг тирик эканига бўлган ишончимизнинг тасдиғидир», — дейди аёл.

АҚШ Давлат департаменти вакили Нед Прайс Фрерихс гаровга олинганининг икки йиллиги муносабати билан январь ойидаги баёнотида: «Қўшма Штатлари ҳар гал толиблар билан учрашувда Марк масаласини ўртага қўйган ва толиблар АҚШ фуқаросини гаровда ушлаб турар эканлар, улар ўрнатган ҳокимиятнинг қонунийлиги масаласини кўриб чиқиш имконсиз эканини билдирган».

«Унинг озод этилиши муҳокама этилмайдиган устувор вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Биз «Толибон» раҳбариятига Маркни зудлик билан озод қилиш ва гаровга олишни бас қилиш тўғрисида аниқ хабар юборишда давом этамиз», — дейди Прайс.

1 апрел куни АҚШ ҳукумати ўтган йил декабрь ойида толиблар томонидан ҳибсга олинган афғон-америка денгиз кучлари заҳирасида бўлган Сафи Рауф ва унинг грин картага эга укаси Анис Халилнинг озод этилишига муваффақ бўлди.

*Россия ва бошқа кўплаб давлатларда террорчи сифатида тақиқланган ташкилот.

** «Толибон»нинг 1996-2001 йиллари Афғонистонда ҳукм сурган давридаги сиёсий тизим номи. Толиблар 2021 йил августда қайтадан иқтидорга келганидан сўнг ушбу номдан яна фойдалана бошладилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ