Ўзбекистонда янги хусусий авиакомпания – Fly Khiva Group МЧЖ иш бошлади. У 2 апрелдан Озарбайжон авиакомпанияси AZAL билан биргаликда Боку-Тошкент-Боку йўналиши бўйича тўғридан-тўғри рейсни йўлга қўйди. Бу ҳақда Uzbekistan.travel хабар беради.
Парвозлар А-320 лайнерларида ҳафтада бир марта — шанба кунлари амалга оширилади. Учиш вақти тахминан 2 соат 25 дақиқани ташкил қилади.
Шундай қилиб, 2 апрель куни самолётнинг Бокудан жўнаб кетиши маҳаллий вақт билан соат 22:00 да, Тошкентга қўниши 01:25 да амалга оширилади. Қарама-қарши йўналишда самолёт 3 апрель куни соат 02:45 да ҳавога кўтарилиб, 04:35 да Озарбайжон пойтахтига қўнади.
Эконом-класс чиптаси нархи 2,520 миллион сўмдан (223 доллар), бизнес-класс – 5,07 миллион сўмдан (448 доллар) бошланади.
Парвозларга COVID-19 пандемияси сабабли жорий қилинган амалдаги чекловлар доирасида парвоз қилиш учун рухсат олган фуқаролар қабул қилинади.
Fly Khiva Group компанияси 2021 йил бошида Хива шаҳрида ташкил этилган бўлиб, у ички ва халқаро рейсларни амалга оширишни режалаштирган.