Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев 28 мартдаги қарори билан «Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида»ги низомни тасдиқлади. Бу ҳақда Norma.uz хабар беради.
Низом —
🔹 бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшовчи ва Ўзбекистон ҳудудида вақтинча бўлган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга,
🔹 республика ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқароларига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди.
Низом нормалари Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларга (ФБШ) нисбатан татбиқ этилмайди, чунки улар республика фуқаролари билан бир хил соғлиқни сақлаш ҳуқуқларига эгадирлар.
Жумладан, чет эл фуқаролари ва ФБШлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
👉 бепул тез тиббий ёрдам олиш,
👉 тасдиқланган тарифлар бўйича, тиббий хизматлар учун тўловни ўзбек сўмида тўлаган ҳолда пуллик асосда режали тиббий ёрдам олиш;
👉 тиббий ёрдамга мурожаат қилиш, текшириш ва даволаш жараёнида олинган ташхис ҳақидаги маълумотлар ва бошқа маълумотларнинг махфийлигини талаб қилиш;
👉 тиббий аралашувга ихтиёрий равишда розилик бериш ёки рад этиш;
👉 ихтиёрий тиббий суғурта бўйича тиббий хизматлардан фойдаланиш;
👉 тиббий ёрдам кўрсатиш чоғида соғлиққа зарар етказилган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда зарарнинг ўрнини қоплашни талаб қилиш.
Шу билан бирга улар қуйидагиларга мажбурдирлар:
❗️ тиббиёт ходимларини соғлиғига хавф туғдирувчи касалликлар, одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) мавжудлиги тўғрисида хабардор қилиш, бундай ҳолларда бошқа одамлар билан алоқа қилишда эҳтиёт чораларини кўриш;
❗️ илгари аниқланган дориларга аллергик реакциялар ва бошқа ножўя таъсирлар мавжудлиги ҳақида тиббий ходимларни хабардор қилиш;
❗️ даволовчи шифокор томонидан кўрсатилган кўрсатмаларга амал қилиш.
Тиббиёт муассасаларида чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг тиббий ҳужжатлари (амбулатория картаси, касаллик тарихи ва ундан кўчирма) давлат тилида тўлдирилади. Беморнинг илтимосига биноан ҳужжатларни чет тилига таржима қилиш мумкин, кейинчалик уни клиника раҳбари тасдиқлаши керак.