Тиббиёт ходимларининг иш жойида диний либосда юришларига рухсат берилди

Podrobno.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда тиббиёт ходимларининг ҳижоб ва бошқа диний кийим-бошларда юришига рухсат берилди. Бу ҳақда 31 март куни депутат Расул Кушербаев ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди. У республика Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаевнинг тиббиёт муассасалари ходимларининг диний кийимда бўлишига қўйилган тақиқни бекор қилувчи буйруғини эълон қилди. Тақиқ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бошқа буйруғи билан 2016 йил бошида жорий этилган эди.

Кушербаев «Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларида фуқароларга ҳижоб ва бошқа диний кийимларда юриш бўйича чекловлар мавжуд эмас», деб ёзади.

Ўтган йил июль ойида президент Шавкат Мирзиёев «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонунни имзолаган эди. Ҳужжат диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва фаолиятини тугатиш тартибини соддалаштириб, диний эътиқоддаги одамларга кўпроқ эркинлик беради, жумладан, ўзбекистонликларга жамоат жойларида диний либосда юриш имконини беради. Шу билан бирга, қонунда белгиланганидек, давлат ташкилотлари ва муассасалари ходимларининг кийим-кечакларига қўйиладиган талаблар уларнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Янги таҳрирдаги қонун қабул қилинишидан олдин жамоат жойларида ҳижобда юрган инсон 15 суткагача маъмурий қамоққа олиниши ёки жаримага тортилиши мумкин эди.

2021 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги қизларнинг рўмол ёки миллий дўппи билан мактабга боришига рухсат берганди. Бундай ҳолда, рўмол оч рангда бўлиши ва бошнинг орқа қисмига боғланган бўлиши лозим. Миллий урф-одатларни инобатга олишни сўраган ота-оналарнинг кўплаб мурожаатларидан сўнг вазирлик шундай қарорга келган. Авваллари ўқувчи қизларнинг мактаб биносига киришидан олдин рўмолини ечишга мажбурлангани ҳолатлари юз берган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ