Россия Федерацияси Афғонистонга қўшни бўлган Марказий Осиё давлатларида НАТО ва АҚШ ҳарбий инфратузилмасини жойлаштиришни номақбул деб ҳисоблайди. 31 март куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Афғонистонга қўшни давлатларнинг Хитойда бўлиб ўтган йиғилишида шундай баёнот берди, деб хабар беради Россия ТИВ матбуот хизмати.
«Биз АҚШ ва НАТОнинг ҳар қандай ҳарбий инфратузилмаси ёки уларга хизмат қилаётган афғонларнинг қўшни давлатлар ҳудудига, биринчи навбатда, Марказий Осиёга жойлаштирилишини номақбул деб ҳисоблаймиз», — деди Лавров.
Шу билан бирга, вазир афғон қочқинларини Афғонистонга қўшни давлатлар ҳудудига жойлаштириш бўйича аризаларни «жуда эҳтиёткорлик билан» ўрганишга ва «эҳтимолий салбий оқибатларини синчковлик билан ўйлаб кўришга» чақирди, зеро бу минтақавий хавфсизлик ва алоҳида мамлакатларга таҳдид солиши мумкин.
31 март куни Лавров «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган ҳукуматнинг Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттаки билан ҳам учрашди, деб хабар беради Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова Telegramда.
У ўз хабарига Россия делегацияси ва толибларнинг бир столда ўтирганига доир суратни илова қилган.
30-31 март кунлари Хитойнинг Тунси шаҳрида Афғонистонга қўшни давлатлар конференцияси бўлиб ўтмоқда. Унда Лавров ҳам иштирок этмоқда. Конференция учинчи бор ташкил этилди ва (биринчи тадбир икки йил аввал Москвада бўлиб ўтган) унда Россия, Хитой, Эрон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этмоқда. Форумнинг асосий мавзуларидан бири Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий вазиятни муҳокама қилишдир.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил кузда Қўшма Штатлари Марказий Осиёнинг алоҳида давлатлари билан ўзининг аксилтеррор кучларини жойлаштириш масаласини муҳокама қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ, Марказий Осиё давлатларидан бирортаси ўз ҳудудига бундай кучларни жойлаштиришга розилик бермади.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).



