Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида Нукус-Бейнеу-Нукус ва Тошкент-Олмаота-Тошкент йўналишлари бўйича халқаро йўловчи поездлари қатновини қайта тиклаш кечроқ муддатга қолдирилди. Бундай қарор Қозоғистонда жорий этилган карантин чекловлари муносабати билан коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича идоралараро комиссияси томонидан қабул қилинди, деб хабар беради «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати.
Қўшни давлатлар ўртасида поездлар ҳаракатини қайта тиклаш санаси номаълум. Бундан олдин 1 апрелдан темир йўл қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилган эди.
«Йўл чипталарини сотиб олган ва фойдаланилмай қолган чипта(лар)нинг пули темир йўл кассаларида тўлиқ қийматда қайтарилади. Ёки, кейинги саналарга қайта расмийлаштириб берилади, Қозоғистон Республикаси билан чегара ўтиш жойларида санитария-эпидемиологик вазият яхшилангунга қадар», — дейилади «Ўзбекистон темир йўллари» хабарида.
Икки давлат ўртасида қуруқликдаги транспортлар 2020 йил март ойида коронавирус карантини чекловлари туфайли тўхтатилган эди. 2021 йил май ойида Ўзбекистон йўловчи темир йўл қатновини тиклашни таклиф қилди.
Жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб мамлакатлар ўртасида автобуслар мунтазам қатнай бошлади. Йўловчилар Тошкентдан Нурсултон, Олмаота, Қизилўрда, Туркистон ва Иргелигача боришлари мумкин. Чирчиқдан Чимкент ва Олмаотага иккита рейс йўловчиларни олиб боради.
2021 йил октябрь ойида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида пандемия сабабли узилиб қолган автобус қатнови қайта тикланди – Тошкентдан Хўжандга қатнов йўлга қўйилди.