Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Сирдарёда ноқонуний майнинг ферма фаолиятига чек қўйди

Pixabay.com сайти фотосурати

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Сирдарё вилояти бошқармаси ходимлари Бояут туманидаги ноқонуний майнинг ферма фаолиятига чек қўйди, деб хабар беради ЎзА.

Аниқланишича, Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган хорижий корхона ушбу МЧЖ биносини 2 йил муддатга ижарага олган ва у ерда 1491 комплект майнинг қурилмалари ҳамда 9280 дона видеокарталардан фойдаланган ҳолда майнинг ферма ташкил этган.

Натижада 2020 йилнинг август ойидан буён 7,7 млн. АҚШ долларига тенг криптовалюта ишлаб чиқарилган.

Бунинг учун масъулияти чекланган жамият ва хорижий корхона раҳбарлари ўзаро тил бириктириб, электр тармоғига уланиш учун туман электр тармоқлари корхонаси билан тузилган шартномада фаолият турига қуёнчилик фермаси ташкил этиш мазмунида сохта маълумотлар киритишган.

Ноқонуний майнинг ферма хўжалиги эгалари электр энергиясидан паст тарифларда фойдаланиб, давлатга катта миқдорда зарар етказган. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

2019 йил декабрь ойида Ўзбекистон ҳукумати майнинг субъектлари учун электр энергияси тарифининг уч баравар кўпайтирилишини тасдиқлади. Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги 2020 йил январь ойида майнинг-пул (Uzbekistan Cryptocurrency Mining Pool) ташкил этишни таклиф қилди, унинг иштирокчилари электр энергияси учун умумий тариф бўйича тўлашлари мумкин эди. Қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди, бироқ ўшандан бери бу ҳақда ҳеч нарса маълум эмас.

Сирдарё вилоятида бу криптоферманинг фош этилиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. 2021 йил август ойида вилоятда икки ўзбекистонлик ва Жанубий Корея фуқароси томонидан ташкил этилган майнинг фермаси аниқланган. Корхона 265,2 миллион сўм (25 минг доллар) миқдорида ноқонуний электр энергиясини ишлатган.

Қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам тармоқларда электр қуввати тақчиллигига сабаб бўлаётган ноқонуний майнингга қарши курашмоқда. Март ойи ўрталарида Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг оиласи ва шерикларига тегишли бўлган 55 та ноқонуний майнинг фермаси фаолиятига барҳам берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ