Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Ўзбекистон номидан Сардор Умурзоқов иштирок этади

Сергей Лавров ва Сардор Умурзоқов учрашуви. Мария Захарова Telegram-канали фотосурати

31 март куни Хитойда Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирларининг учинчи конференцияси бўлиб ўтади. Йиғилишга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўрнига Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов борди.

Учрашув Тунси шаҳрида бўлиб ўтади. Учрашув арафасида Умурзоқов Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Россия ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

«Ҳурматли Сардор Ўктамович, мен ўз муносабатимни изҳор қилмоқчиман», — деди Лавров Умурзоқов билан саломлашгандан сўнг. — Сиз билан шахсан танишганимдан хурсандман. Ўзбекистон фаровонлиги, иттифоқчилик, стратегик муносабатларимизни ривожлантириш йўлида нақадар фаол ишлаётганингизни биламиз».

Суҳбатдошлар икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар. Жумладан, Афғонистондаги вазият ҳамда минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

«С.В.Лавров С.У.Умурзоқовни Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш бўйича ўтказилаётган махсус ҳарбий операция ҳақида, шунингдек, Россия ва Украина делегациялари ўртасидаги музокара жараёнининг бориши тўғрисида маълумот берди», — дейилади Россия ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Музокаралар чоғида томонлар икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, Россия-Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг юқори динамикасини сақлаб қолиш ниятларини тасдиқладилар, деб таъкидлайди матбуот хизмати.

Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирларининг учинчи конференциясида Покистон, Эрон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этади. Улар Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш, шунингдек, терроризм ва наркотик моддалар савдоси тарқалишига қарши курашиш масалаларини муҳокама қиладилар.

Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашуви 2021 йил 21 октябрда Москвада, иккинчиси – 2021 йил 27 октябрда Теҳронда бўлиб ўтган.

Аввалроқ, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Абдулазиз Комилов даволаниш учун хорижга жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ