Ўзбекистонда давлат ва хусусий тиббиёт ташкилотлари учун тиббий хизматларнинг ягона тарифлари тасдиқланади. Молия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирликларига икки ҳафта муддатда нархлар жадвалларини тартибга солиши керак, деб хабар қилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Шавкат Мирзиёев иштирокидаги видеоселектор йиғилиши якунлари бўйича.
Ҳукумат 15 майга қадар давлат тиббиёт муассасаларининг йўлланмалари бўйича тиббий хизмат кўрсатадиган хусусий клиникалар рўйхатини шакллантириши керак. 1 апрелдан бошлаб беморлар бошқа ҳудудлардаги давлат шифохоналарига давлат ҳисобидан даволаниш учун йўлланмалар олишлари мумкин бўлади.
Апрель ойида 1 миллион нафар хавф гуруҳига кирувчи аҳоли, 700 минг нафар бола ва 100 минг нафар ҳомиладор аёлларни мақсадли скринингдан ўтказилиши зарур. Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳар бир оилага жисмоний машқлар, тўғри овқатланиш ва касалликларнинг олдини олиш бўйича кўрсатмалар ишлаб чиқиш ва етказиб бериш вазифаси юклатилди.
Президент республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари даволашнинг янги юқори технологияли усулларини жорий этишига эътибор қаратди. Масалан, Ўзбекистонда ҳар йили «оққон» касаллиги бўйича 200 нафаргача бемор илик кўчириш операциясига муҳтож. Гематология ва қон қуйиш илмий-амалий тиббиёт марказида замонавий шароит яратиш орқали ушбу амалиётни йўлга қўйиш мумкинлиги таъкидланди. Бундай ишларни барча тиббиёт марказларида ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Мажлисда ҳар бир оилавий поликлиникада кундузги стационар, 400 та маҳаллада оилавий шифокорлик пункти, олис ҳудудларда контейнерлардан 1 минг 700 та тиббиёт пункти ташкил этишнинг аҳамияти таъкидлаб ўтилди. Тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, олис ҳудудларда қўшимча бригадалар тузиш, бу тизимдаги анестезиолог ва реаниматологлар ойлик иш ҳақига устама бериш бўйича белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилда инвестиция дастури доирасида тиббиёт муассасаларини қуриш ва таъмирлаш ишларига бюджетдан 1 триллион 200 миллиард сўм ажратилган. Мирзиёев қурилиш ишларини жадаллаштириш, тиббий асбоб-ускуналарга техник хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берди.
Бундан олдин Ўзбекистон ҳукумати соғлиқни сақлаш соҳасини еттита йўналиш бўйича ислоҳ қилиш дастурини ишлаб чиққани ҳақида хабар берилган эди:
👉 аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш ва тиббиёт муассасалари тармоғини кенгайтириш;
👉 шошилинч тиббий ёрдам тизимини ривожлантириш;
👉 тиббиёт муассасаларидаги шароитларни яхшилаш,
👉 соҳа ходимларини моддий рағбатлантириш,
👉 шифохоналарни малакали кадрлар билан таъминлаш,
👉 соғлом турмуш тарзига эътибор бериш,
👉 касалликнинг олдини олиш.