Европа тикланиш ва тараққиёт банки «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонаси, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистондаги қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш бўйича масъул бўлган ҳудудий коммунал хўжалиги корхоналарига 120 миллион долларлик иккита кредит ажратади. Бу ҳақда ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар берди.
Битимлар Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида имзоланди. Хоразмга 50 миллион доллар, Қорақалпоғистонга 70 миллион доллар кредит ажратилади.Ушбу маблағлар чиқиндиларни бошқариш инфратузилмасини модернизация қилишга йўналтирилади.
ЕТТБ маълумотларига кўра, Хоразм ва Қорақалпоғистондаги мавжуд чиқиндихоналарнинг бирортасини халқаро стандартларга жавоб берадиган деб эътироф этиб бўлмайди. Уларда элементар ҳимоя ёки махсус хизмат кўрсатиш ускуналари мавжуд эмас ва шу сабабли атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдиради, деб таъкидлайди банк матбуот хизмати.
1,7 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Хоразм вилоятида йилига 280 минг тоннага яқин қаттиқ маиший чиқиндилар ҳосил бўлади. Вилоят аҳолисининг 67 фоизи қишлоқларда истиқомат қилади, аҳолининг атиги 10 фоизини чиқиндини ташиш хизматлари билан қамраб олган.
Банк томонидан ажратилган маблағнинг бир қисми Европа Иттифоқи стандартларига жавоб берадиган, интеграциялашган механик ва биологик тозалаш иншоотлари, чиқиндиларни саралаш ва компостлаш иншоотларига эга иккита санитария полигонини қуришга йўналтирилади. Кредитнинг қолган қисми чиқиндини ташиш учун олтита станция қуриш ва полигонларни бошқариш учун махсус автомашиналар ва ускуналар харид қилишга сарфланади.
Қорақалпоғистон Ўзбекистон ҳудудининг учдан бир қисмидан кўпроғини эгаллайди ва унинг қарийб 2 миллион аҳолиси йилига 187 минг тоннага яқин қаттиқ маиший чиқинди ишлаб чиқаради. Вилоят аҳолисининг ярми қишлоқларда истиқомат қилади ва уларнинг фақат учдан бир қисми чиқинди йиғиш хизматидан фойдаланади.
70 миллион долларлик кредит эвазига замонавий санитария полигони қурилади ва учта мавжуд полигон модернизация қилинади. ЕТТБ, шунингдек, Қорақалпоғистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш пунктларининг ҳудудий тармоғини ташкил этиш ва ихтисослаштирилган ускуналар сотиб олишга ёрдам беради.
«Биз Хоразм ва Қорақалпоғистонда зарур экологик ўзгаришларни амалга ошириш имконига эга бўлганимиздан хурсандмиз. Бу Ўзбекистондаги яшил кун тартибимизнинг бир қисмидир ва умид қиламанки, бундай лойиҳалар маҳаллий коммунал хизматларни ўзгартиради ва аҳоли турмуш сифатини яхшилайди», — деди ЕТТБ президенти Одил Рено-Бассо.
Бундан аввал Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маиший чиқиндиларни йиғиш, саралаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш тизимидаги қониқарсиз аҳволга эътибор қаратганди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда йилига 7 миллион тонна қаттиқ маиший чиқинди ишлаб чиқарилади ва унинг ҳажми йилига 2 фоизга ошиб бормоқда. Бироқ, республика бўйича 197 та ахлат полигонининг бирортаси ҳам санитария ва экологик талабларга жавоб бермайди, 24 та полигон тўлиб бўлган. Аҳолининг чиқиндиларни йиғиш хизматлари учун катта дебиторлик қарзи бор.
Президент Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва вилоят ҳокимларига чиқинди полигонларида тартиб ўрнатиш, ўз ресурсларини сарфлаб бўлганларини тугатиш бўйича топшириқлар берганди. Шунингдек, у чиқинди йиғувчилар ва қайта ишловчиларга қатор имтиёзлар берилиши, махсус техникалар харид қилиниши, ижтимоий муассасалар ва бозорларга қўшимча контейнерлар ўрнатилиши ҳақида маълум қилди.
Айни пайтда ЕТТБ Ўзбекистонда умумий қиймати 1,7 миллиард евро бўлган 57 та лойиҳани амалга оширмоқда. Банк ўз фаолиятини 2018-2023 йилларга мўлжалланган Мамлакат стратегияси доирасида олиб боради, унинг асосий йўналишлари хусусий секторни ривожлантириш, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида тоза энергия ва ресурс ечимларини илгари суришдан иборат.