Толиблар Қандаҳорда радиостанцияни ёпиб, ходимларини ҳибсга олишган

Aamaj News сайти фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати Афғонистон жанубидаги Қандаҳор шаҳрида фаолият юритаётган «Миллат овози» радиостанциясини ёпиб қўйди ва унинг бир неча ходимларини ҳибсга олди. Бу ҳақда 28 март куни Афғонистон журналистлари уюшмаси баёнотига таяниб, ТАСС хабар беради.

Таъкидланишича, радикал ҳаракат жангариларининг бир гуруҳи «Миллат овози» радиостанцияси биносига бостириб кириб, барча биноларни ёпиб қўйишган. Толиблар ҳеч қандай тушунтиришсиз радиостанциянинг янгиликлар бўлими раҳбари, техник бўлим бошлиғи ва продюсерлардан бирини ҳибсга олишган.

Қандаҳорга радикал ҳаракат томонидан тайинланган маҳаллий ҳокимият ҳозирча воқеа юзасидан изоҳ бермаган.

Уюшманинг қайд этишича, уч кун аввал Қандаҳорнинг Radio Zama радиостанцияси раҳбари ўз уйида толиблар томонидан қўлга олинган ва ҳанузгача жангарилар қўлида сақланмоқда.

Бундан олдин толиблар ВВC телерадиокомпаниясининг Афғонистондаги телекўрсатувларини тақиқлагани маълум бўлганди. Афғонистонда толиблар маҳаллий каналларга қатор хорижий ОАВ контентини кўрсатмасликни буюргач, ВВC телеканалининг пушту, форс ва ўзбек тилларида 6 миллиондан ортиқ томошабинни қамраб олган дастурлари эфирдан олиб ташланган. Афғонларнинг сунъий йўлдош телевидениесига эга атиги 20 фоизи ВВCнинг форс телеканалини кўриш имкониятига эга. Шу билан бирга, корпорациянинг радио ва онлайн хизматларига тегилмаган.

Афғонистонда тақиқланган халқаро телерадиокомпаниялар орасида «Америка овози», Германиянинг Deutsche Welle ва China Global Television Network бор.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ